Дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилди. Янги офшор файлга Пандора ҳужжатлари деб ном берилган.

Халқаро журналист-суриштирувчилар консорциуми 650дан ортиқ журналист бошчилигида миллионлаб файлларни ўрганиб чиққан ва 35та ҳозирги ва собиқ давлат раҳбарлари ва уч юздан ортиқ амалдорлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилмоқда.

Қайд этилишича:

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва унинг оиласи ўз мамлакатини талон-торож қилишда айбланган. Сўнгги йилларда Алиевлар ва уларнинг яқин шериклари Буюк Британияда 400 миллион фунт стерлингдан зиёд мулкий битимлар тузишган. Хусусан, президентнинг 11 ёшли ўғли Ҳайдар Алиев учун Лондонда 33 млн долларлик мулк харид қилинган. Майфейрдаги яна бир бино эса Илҳом Алиев оиласига тегишли Mallnick Holdings томонидан сотиб олинган ва бир ой ўтиб мулк Алиевлар билан оилавий яқин алоқалари бор Гайдар компанияси томонидан қайта харид қилинган.

Иордания қироли Абдуллоҳ II АҚШ ва Буюк Британиядан 100 миллион долларга махфий равишда кўчмас мулклар харид қилган. Йигирма йиллик ҳукмронлик даврида доимий равишда авторитаризм айбловларига дучор бўлган қирол Калифорния ва Англиянинг энг марказий ва замонавий ҳудудларидан 15та уй ва квартиралар сотиб олган. Қироллик ҳуқуқшуносларининг таъкидлашича, Абдуллоҳ II барча мулкларни Иордания фуқароларининг эҳтиёжлари учун ўз шахсий жамғармасидаги маблағлари ҳисобидан харид қилган. Улар офшор компаниялар орқали рўйхатдан ўтишни хавфсизлик ва махфийлик нуқтайи назаридан машҳур одамлар орасида кенг тарқалган амалиёт деб аташган.

Кения президенти Ухуру Кенятта ва унинг оиласининг олти аъзоси яширин равишда офшор компаниялар тармоғига эгалик қилишган. Улар 11та офшор фирма билан алоқа боғлаган — улардан бири 30 миллион долларлик активларга эга бўлган.

Кипр президенти Никос Анастациадес таъсисчиси бўлган адвокатлик фирмаси бир қанча офшор компанияларнинг ҳақиқий эгаси бўлган собиқ россиялик сиёсатчини яшириш мақсадида бир қанча сохта мулкдорлардан фойдаланган бўлиши мумкин. Ҳужжатлар юридик фирма россиялик миллиардер ва собиқ сенатор Леонид Лебедевга тўртта компаниянинг мулкини яширишга ёрдам берганини аниқлаган. Бироқ юридик фирма буни рад этмоқда. Йирик нефт магнати бўлган Лебедев энергетика соҳасида 220 миллион долларни ўзлаштирганликда айблагандан кейин Россиядан қочиб кетган. Шунингдек, кипрлик юридик фирма рус пўлат магнати Александр Абрамов учун ҳам маълумотномалар тайёрлаганликда айбланмоқда.