Хўш, «Пандора қутиси» нима?
Гарчи «Пандора ҳужжатлари»да қути сўзи келтирилмаса-да, аслида Пандора ва қути сўзлари ҳамиша биргаликда келади ҳамда бу афсоналарга қоришиб кетган азалий атамадир. Инсоният бу атама қачон ўйлаб топилганини билмайди, лекин унинг қисқа мазмуни шуки, Пандора қутиси топилса ва очилса, ёвузликка қоришган улкан қудрат ундан чиқиб кетади ва борлиқни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди.
Вақти-вақти билан ошкор қилиб турилувчи «Пандора ҳужжатлари» муаллифлари ҳам бу рамзий номдан усталик билан фойдаланишган ва шундоқ ҳам катта қизиқишга сабаб бўладиган дунёвий коррупцияга оид хабарлар янада кўпроқ шов-шув бўлишига эришишган.
Аслида, «Пандора қутиси» деган атаманинг ўзи нотўғри. Умуман, одатда эътиқодга зид келувчи қадимги юнон мифологиясига кўра Пандора заминдаги дастлабки аёл бўлиб, у ўз қўлида жом, яъни идиш билан келган. Идишни очиб юбориш орқали Пандора Ер юзи бўйлаб қатор ёвузликларни тарқатиб юборади ва унинг тубида фақат бир эзгулик – умид қолади. Бу ҳақда қадим юнон шоири Гесиод ўзининг «Меҳнат ва ҳаёт» достонида куйлайди.
Аммо кейинчалик одамлар жом, яъни идиш атамасидан воз кечиб, қутини қўллай бошлайдилар ва «Пандора жоми» «Пандора қутиси»га айланади. Достондаги бошқа жиҳатлар унутилади ва жуда кўпчилик аллақаерда «Пандора қутиси» мавжудлигига, у топилса ва очиб юборилса, дунё остин-устун бўлиб кетишига ишониб яшайди.
Бугун бевосита кўпчиликни қизиқтираётган «Пандора ҳужжатлари» номи ҳам турлича – «Пандора досьеси», «Пандора архиви» каби вариантларда ҳам қўлланади.
«Пандора ҳужжатлари» Халқаро журналистлар консорциумининг кўп йиллик меҳнатига асосланган бўлиб, унда давлат раҳбарлари ёки уларнинг оила аъзолари, йирик амалдорлар, соядаги шахсларнинг оффшор компаниялар орқали йирик коррупцион схемалари фош қилинади. Аксарият ҳолларда бу ҳужжатлар рад этиб бўлмас далилларга таянмайди ва одатда тахминлар мақомида бўлади. Лекин шунга қарамай уни тайёрлаган журналистлар ҳам, маълумотлар манбалари ҳам сир сақланади. Тахминларга кўра манбалар бу шахсларнинг ички душманлари, ҳакерлар ва маълум ҳақ эвазига маълумот сотувчи банкирлардир.
«Пандора ҳужжатлари»да 11,9 миллион ҳужжатлар, 2,9 терабайт маълумот жамланган. Архивда солиқлардан қочилган ва ювилган камида 32 триллион доллар маблағ ҳақида сўз боради ва бунга кўчмас мулк, заргарлик буюмлари, санъат асарлари, яхталар ҳамда қимматбаҳо автомобиллар каби бойликлар киритилмаган.
Бу архивда 35 давлатнинг амалдаги ёки собиқ раҳбарлари ҳамда 100дан ортиқ мамлакатнинг 400 нафардан ортиқ расмий шахслари, 100 нафардан ортиқ миллиардер ва 29 мингдан ортиқ оффшор ҳисоб рақамлари ҳақида сўз боради.
















