Пандора ҳужжатларининг Ўзбекистонга алоқадор қисмлари ҳам очиқланмоқда. Улардан бири телекоммуникация соҳасидаги консультант, Борис Жонсоннинг бош вазир бўлиш кампаниясини молиялаштирган Консерваторлар партиясининг йирик донори Муҳаммад Амерси билан боғлиқ. BBC бу борадаги маълумотларини эълон қилди.

Иллюстрация: Guardian Design/Martin Godwin; Yves Forestier/Getty Images; Reuters

Қайд этилишича, 2010 йилда Швециянинг Теlia компанияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Муҳаммад Амерси оффшор ширкатга 220 миллион доллар тўлов ўтказиш жараёнида иштирок этган. Ушбу оффшор ширкатни эса Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова назорат қилган. АҚШ ҳукумати ушбу тўловни «220 миллион долларлик пора» сифатида эътироф этган. Теlia ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.

Ушбу ҳаракат АҚШ Адлия вазирлиги тарафидан Теlia ширкати ва унинг баъзи мулозимларига қарши қўзғатилган ишнинг бир қисми сифатида ҳам кўрилади. Аммо ушбу иш 2017 йилда судга ўтмасдан тўхтатилган. Бунга Теlia компаниясининг коррупцияга доир қонунларни тан олгани ва 965 миллион доллар жарима тўлашга розилик бергани сабаб бўлган.

Теlia расмийлари Швецияда Гулнора Каримова билан ноқонуний муомала қилишда айбланган, аммо суд бу ишда мамлакатнинг порахўрлик тўғрисидаги қонунлари бузилмаган деб топиб, компанияни оқлаган.

Айбловларга жавобан, Амерсининг адвокатлари коррупцион тўловлар амалга оширилгани ҳақидаги гаплар асоссизлиги, келишувнинг Теlia тарафидан синчковлик билан текширилиб, маъқуллангани ва айбловларга асос йўқлиги, Амерсининг лойиҳада атиги олти ҳафта ишлаганини келтиришган.

BBC томонидан олиб борилган суриштирувларга кўра эса у 2007−2013 йилларда Швеция компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги фаолиятига ҳамроҳлик қилган.

Муҳаммад Амерси аслида ким?

Муҳаммад Амерси Борис Жонсон билан / Guardian

Буюк Британия фуқароси ҳисобланган Амерси Кенияда туғилган, асли келиб чиқиши Ҳиндистон ва Эронга бориб тақалади. Британиянинг Шеффилд ва Кембриж университетларида тиббиёт ҳамда ҳуқуқшунослик йўналишларида таълим олган. Хайрия жамғармаси веб-саҳифаларида ўзини «глобал алоқа тадбиркори, хайриячи ва ғоявий етакчи» сифатида таърифлаган. Кўплаб чиқишлари ва нутқларида коррупцияни қаттиқ танқид қилган.