Жаҳон | 23:39 / 05.10.2021
31432
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг чиройли гиперкар маълум қилинди

2021 йилда Bugatti Bolide Париждаги 36-автомобил фестивалида дунёнинг энг чиройли гиперкари деб топилди. Бу ҳақда Bugatti маълум қилди.

Фото: newsroom.bugatti

Гиперкарлар йўналишида ушбу номга даъвогарлик қилган бошқа 3 та модел номи келтирилмаган. Бироқ танлов қодаларига кўра, ғолибликка номзод гиперкарлар “спорт дизайнига ва юқори кўрсаткичларга эга бўлган” ҳамда нархи 60 минг евродан юқори турувчи серияли ишлаб чиқарилувчи автомобиллар бўлиши керак.

Таъкидланишича, Bolide модели Bugatti томонидан ишлаб чиқилган автомобиллардан энг антиқаси ҳисобланади. У Х-симон чироқлар, антиқанотлар ва катта ўлчамли орқа диффузорга ҳамда автоматик ўт ўчириш тизимига эга.

Ушбу модел 2020 йил охирида концепт сифатида намойиш қилинган. Жорий йилда эса француз компанияси ушбу автомобилдан 40 дона ишлаб чиқаришини, бироқ улар умумий фойдланиш кўчаларига қўйилмаслигини эълон қилган.

Фото: newsroom.bugatti

Машина 1450 кг оғирликка эга бўлиб, унинг двигатели 1600 от кучини беради.

Машинанинг илк нусхаларини 2024 йилдан ўз эгаларига етказиб бериш режалаштирилган. Унинг нархи 4,7 млн долларни ташкил қилиши кутилмоқда. 

Фото: newsroom.bugatti

Маълумотларга кўра, гиперкарга жойидан қўзғалиб, 100 км/соат тезликка эришиши учун 2 сониядан камроқ, 200 км/соат тезликка 4,36 сония, 300 км/соат тезликка эришиши учун эса 7,37 сония вақт талаб этилади. Шу билан бирга, компания машинанинг ҳаттоки 500 км/соатгача тезлашиши мумкинлиги ҳақида гапириб ўтган. Бунинг учун машинага 20,16 сония вақт керак бўлади.

Фото: newsroom.bugatti
Фото: newsroom.bugatti

Бундан ташқари, фестивалда Audi Q4 E-Tron Sportback энг чиройли шоу-кар, DS Aero Sport Lounge энг чиройли концепт деб топилган. Mercedes-Benz Vision AVTR футуристик автомобиллар тоифасида, Maserati MC20 эса суперкарлар тоифасида энг чиройли деб эътироф этилган.

Мавзуга оид