Сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида даромад олиш мақсадида спорт ўйинларига пул тикувчилар сони сезиларли даражада ортган. Ўйинда ютқазиб, уй ва мол-мулкларини сотган, жиноятга қўл урган ва ҳатто ўз жонига суиқасд қилганлар ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистонда бу турдаги ўйинларни қонунийлаштириш борасида ҳаракатлар давом этмоқда.

Спорт ўйинларига пул тикишни легаллаштириш ҳеч кимга наф келтирмайди, дейди спорт журналисти Жамолиддин Бобожонов. Унинг таъкидлашича, тотализатор компаниялари тўлайдиган солиқ – профессионал спорт учун арзимаган пул, бу ишлар билан шуғулланувчи мутахассисларнинг бирортаси тотализаторни қонунийлаштириш ортидан катта пуллар спортга келмаслигини айтган.

Казино ҳеч қачон ютқазмайди деганларидек, букмекерлар ҳам ҳеч қачон ютқазмайди, дейди у.

Бизга энг яқин Россия мисолида олиб қарасак, реклама берувчилар кўпроқ пул топяпти холос. Профессионал футболга ёки спортнинг бошқа турларига катта даромад олиб келмаяпти. Ҳолбуки, аҳолиси бизникидан кўп ва катта қисми мусулмон бўлмаган мамлакат, шунингдек, уларнинг эътиқоди, дунёқараши жиҳатидан ҳам тўсқинлик йўқ. Лекин профессионал спортга тотализатор орқали катта маблағлар кириб бормайди.

Ўзимизга келадиган бўлсак, буни легаллаштириш билан спортга пул тикиб қимор ўйнаётганлар сонини кўпайтирамиз. Ундан на давлатга, на спортга, на ёшлар тарбиясига бирон-бир наф йўқ. Кимдир бу пулларни профессионал спортга йўналтирамиз, қўшимча пул деса, катта хато қилган бўлади, наздимда.