Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом муҳитда камол топиши учун шароит яратиб бериш жамият ва давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 3-моддасига кўра, иштирокчи давлатлар (шу жумладан Ўзбекистон) ота-она, васий ёки қонун бўйича болага масъул бўлган бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини эътиборга олган ҳолда болани унинг соғлом униб-ўсиши учун зарур бўлган ҳимоя ва ғамхўрлик билан таъминлаш ва ушбу мақсадда тегишли қонуний ва маъмурий чораларни кўриш мажбуриятини олади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг “Олмазор” бекатида вояга етмаган қизга нисбатан номаълум эркак томонидан беҳаё ҳаракатлар қилингани ҳолати жиддий муҳокамага сабаб бўлган эди. Аниқланишича, беҳаё ҳаракат қилган шахс бир неча жиноятларни содир этгани учун олдин судланган экан.

Таъкидлаш лозимки, ушбу тоифадаги шахсларнинг ошкора жиноий хатти-ҳаракатлари аҳолининг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиб, ёшларнинг, айниқса воя етмаганларнинг ахлоқий бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Бунинг олдини олишда мазкур тоифадаги шахслар хатти-ҳаракатларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бохабар бўлиб бориши катта аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ривожланган хорижий давлатларда, хусусан Буюк Британия, АҚШ ва Янги Зеландияда болаларни жинсий зўравонликка мойил шахслардан ҳимоя қилишнинг самарали чоралари ишлаб чиқилган.

Жумладан, Янги Зеландиянинг “Болаларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни асосида Болаларга нисбатан жинсий тусдаги жиноятлар содир этган шахсларнинг реестрини юритиш тартиби жорий этилди. Ушбу реестр 2016 йилнинг 14 октябрида ташкил этилди.

Мазкур реестр болаларга нисбатан жинсий тусдаги жиноят содир этган шахсларнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ёзувларни ўз ичига олади. Реестр олдин жиноят содир этган шахсларни мониторинг қилиш орқали уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш ҳамда болаларнинг хавфсизлигини таъминлашда жазони ижро этиш муассасаси ва полиция ходимларига ёрдам берувчи восита ҳисобланади.