Жамият | 16:16 / 06.05.2024
48877
2 дақиқада ўқилади

Туғилибоқ университетга бораётган болалар

Наманганлик Муҳаммадюсуф дунёга келганига 8 ой бўлди. У туғилганидан 3 ой ўтиб илк бор ОТМ биносига келган, чунки онаси – Наманган давлат университети сиртқи таълим талабаси. Kun.uz қисқа видеолавҳада олийгоҳда ўқиётган талаба-оналар ҳақида ҳикоя қилади.

Келин қилиб олаётган пайтда ота-онасига қизингизни ўқитаман деб ваъда берган Гулмира Аҳмедова бугун келини ўқишдан чиққунича набирасига энагалик қиляпти. Унинг айтишича, ўзи, турмуш ўртоғи, ўғли ҳам ўқимишли бўлгани учун келинини ҳам олий маълумотли қилиш ҳаракатида.

Сиртқи таълимда ўқувчи аёлларнинг кўпи фарзандли. Улар орасида 3 ёшгача боласи борлар 15 фоизни ташкил қилади.

Ўқиш бошланган пайтда қаҳрамонимиз Муҳаммадюсуф – онаси ва бувиси билан ўқишга келган кўплаб болажонлардан бири. Онаси Гулхумор Обидова бу йил 4-курсни тамомлайди. Унинг айтишича, олийгоҳ талабалари 3 ойликдан 2-3 ёшгача бўлган болалари билан ўқишга келади. Муҳаммадюсуф ҳам биринчи марта кузги ўқиш даврида, уч ойлик чақалоқ пайтида келган.

Чақалоғи билан келувчи талабалар кўплиги сабабли, сиртқи талим биносида оналар ва болалар хонаси ҳам ташкил қилинган. У хонада бешик тебратиб ўтирган бувижонларни ҳам учратишингиз мумкин. Яна баъзи болаларга эса холаси, аммаси ёки опаси қараб туради.

Гулҳумор Обидова у ўқишга келган кунлари фарзанди худди сайрга чиққандек яйраб кетишини айтади. Оиласи ва ёш болалари билан бўлса ҳам кўп аёллар олий маълумотли бўлишга интилаётгани илмга муносабат яхши тарафга ўзгараётганидан дарак бўлса ажаб эмас.

Мавзуга оид