Ўзбекистон | 18:42 / 07.10.2021
7832
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гулистондаги «Янги ҳаёт» маҳалласида қурилган янги уйларни кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрининг «Янги ҳаёт» маҳалласида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Бу ерда 2019-2020 йилларда 14 та кўп қаватли уй қурилган. Бугунги кунда яна 7 та 9 қаватли уй қурилиши бошланган. Улардаги 504 та хонадондан 100 таси кам таъминланган оилаларга имтиёзли равишда берилади. Ёшлар меҳнат гузари, стадион, болалар майдончалари қурилади.

Президент янги мавзеда хизматларни кўпайтириш, тадбиркорлик субъектлари ташкил этиб, бу ерда яшовчиларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий омиллари бошпана ва иш жойи. Бу мақсадлар учун катта имкониятлар бериляпти. Бу йилдан бошлаб ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмайди, деб эълон қилганмиз. Шундан фойдаланиб, тадбиркорлар иштирокида кўп уйлар қуриш мумкин», деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда маҳалла нуронийлари билан самимий мулоқот бўлди.

«Бир пайтлар Сирдарё вилояти фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган эди. Охирги йилларда замонавий саноат кириб келаяпти. Мана шундай уйлар қурилаяпти. Нима учун? Одамларда харид қобилияти бор. Энди бу ишларни тўхтатмаслигимиз керак. Чунки ёшларимиз етишиб келаяпти, халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Давлатимиз шунга муносиб шароит яратиши керак», - деди президент.

Нуронийлар вилоятда рўй бераётган ўзгаришлар, ёшлар тарбияси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Мавзуга оид