Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда «маҳаллабай» тадбиркорликни ривожлантириш орқали 20 мингта янги иш ўрни яратилади
Сирдарёда келгуси беш йилда 60 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни 2 баробарга қисқартириш устувор вазифа бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Бунинг учун, авваламбор, “маҳаллабай” тадбиркорликни жадал ривожлантириш орқали 20 мингта янги иш ўрни яратилади. Бу ишларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2,5 триллион сўм имтиёзли кредит ресурсларини ажратамиз.
Шу ўринда, Сайхунобод тумани мисолида, туманни “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича янги “маҳаллабай” ишлаш тизимига тўхталиб ўтмоқчиман.
Тумандаги мавжуд 19 та маҳалланинг 2 таси “қизил” ва 14 таси “сариқ” маҳалла тоифасига киради. Ҳозирги пайтда туманда 4 мингта меҳнатга лаёқатли аҳоли иш билан таъминланмаган. Бунга қўшимча равишда, ҳар йили 1,5 минг ёшлар меҳнат бозорига илк бор кириб келади. Шунингдек, туманда 92 та оила камбағал тоифага киритилган.
Янги “маҳаллабай” тизимни бевосита қуйи бўғинда жорий қилиш учун, тумандаги маҳаллаларга бириктириладиган “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари жорий этилади. Улар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларини ташкил этиш бўйича, тизимли ишларни ташкил этади. Ушбу ёрдамчиларга маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик кредитларини бериш, лидер тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш ва уларни жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш бўйича молиявий инструментлар берилади.
Сайхунобод туманида жами 2 триллион сўмлик 141 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига, 5 мингта иш ўрни ташкил этилади. Жумладан, туманда 2 та янги кичик саноат зонасини ташкил этиш орқали – 500 та; мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳисобига – 1,5 мингта; қишлоқ хўжалигида – 5 мингта, жумладан пахта ва ғалладан қисқарган ерларни аҳолига бериш орқали – 3 мингта; 70 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 40 та йўл бўйи сервис объектини қуриш орқали – 900 та янги иш ўрни яратилади.
Ҳоким ёрдамчиларига амалий ёрдам бериш мақсадида, иқтисодий идоралар ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилади”, деди президентликка номзод.
Мавзуга оид
00:19 / 05.07.2026
Сирдарёдаги ҳар иккинчи балиқ танасида микропластик борлиги аниқланди
19:28 / 20.06.2026
Сирдарёда танишининг пулини қалбаки долларга алмаштириб қўйган аёл ушланди
22:59 / 05.05.2026
"Синглимни хўрлашган": Сирдарёдаги мудҳиш қотиллик ҳақида репортаж
19:28 / 01.05.2026