Жамият | 20:40 / 14.10.2021
16081
1 дақиқада ўқилади

Болалар шифохонасида узун навбатлар: шамоллаш ҳолатлари нисбатан кўпайган

Тошкент шаҳар 1-сонли болалар клиник шифохонасига бир кунда 190-200 бемор қабул қилинмоқда. Болаларини шамоллаш аломатлари билан олиб келган оналар 3-4 соат ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ навбат кутишига тўғри келмоқда.

Ижтимоий тармоқларда болалар орасида шамоллаш кўпайгани ҳақидаги муҳокамалардан сўнг Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар 1-сонли болалар клиник шифохонасидаги вазият билан танишди.

12 октябр ҳолатига кўра, кун кеч бўлишига қарамай, клиникада навбатлар чўғи камаймагани кузатилди.

Шифокорларнинг айтишича, беморларнинг аксарияти – шамоллаб қолган 3–18 ёшдаги болалар ва ўсмирлар.

Бир оила 2-3 тагача боласини шамоллаш билан клиникага олиб келмоқда. Беморларни 3 шифокор кўрикдан ўтказмоқда. Kun.uz билан суҳбатда бўлган клиника шифокорининг айтишича, бир кунда 190-200 бемор қабул қилинмоқда.

Навбатда турган оналардан бири 3-4 соат навбат кутганини айтади.

Шифокорлар фуқароларни эҳтиёт чораларини кўриш, турли юқумли касалликлардан ўзларини ҳимоя қилиш ва болалар соғлиғига эътиборли бўлишга чақирди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид