Нега кузда шамоллаш кўпаяди?

Куз фаслида тонгги ҳаво совуқ, кун давомида нисбатан илиқ, кечқурун яна салқин бўлиши кенг тарқалган ҳодиса. Ана шу кескин фарқлар одамларнинг соғлиғига бевосита таъсир кўрсатади.

Аввало, кун давомида об-ҳаво ўзгариши организмни стрессга солади. Танамиз ҳар бир ҳарорат ўзгаришига мослашиш учун энергия сарфлайди. Эрталаб совуқ бўлганда тери ва томирлар тораяди (вазоконстирикция), тана иссиқликни сақлашга ҳаракат қилади; кундузи иссиқ бўлганда эса аксинча қон томирлари кенгаяди. Бу тез-тез такрорланса, организм “доимий мослашиш” ҳолатида қолади ва стресс гормони (масалан, кортизол) даражаси ошади.

Қисқа муддатли стресс иммун тизимнинг айрим қисмларини заифлаштиради: организм шошилинч “тезкор жавоб”га эътибор қаратиб, узоқ муддатли ҳимоя функцияларини тўлиқ бошқара олмаслиги мумкин. Оқибатда организмнинг микробларга қарши курашиш самараси пасаяди.

Куз келганидан кейин атмосферада ёзда тўпланган иссиқлик секин-аста тарқалиб кетади ва ҳарорат пасайиши билан ҳаводаги абсолют намлик (яъни сув буғи миқдори) камаяди. Совуқ ҳаво иссиқ ҳавога қараганда намликни узоқ “ушлаб” тура олмайди, шу боис куз ва қишда ҳавонинг қуруқлиги кўпроқ сезилади. Ҳавода намлик камайганда вируслар узоқроқ яшайди ва тезроқ тарқалади. Шу билан бирга, паст намлик бурундаги ҳимоя қатлами фаолиятини сусайтириб, вирусларга йўл очиб беради.

Кузда инфекция кўпайишининг яна бир сабаби — ижтимоий ҳаёт фаоллашуви. Ўқув йили бошланиб, болалар синфхоналарда кўп вақт ўтказади, катталар ёпиқ жойлардаги йиғилиш ва турли ижтимоий тадбирларда қатнашади. Мазкур ҳолат вирусларнинг одамдан одамга ўтишини осонлаштиради.

Бундан ташқари, куз-қиш даврида қуёш нури тушиши давомийлиги қисқаради. Натижада одам организмида Д витамини миқдори пасаяди, бу эса иммунитетни янада заифлаштиради ва касалликни юқтириб олиш хавфи ортади.

Қандай профилактика чораларини кўриш зарур?