Ўзбекистон | 11:48 / 15.10.2021
1944
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда «Темир», «Аёллар» ва «Ёшлар дафтари»га 16,5 млрд сўм маблағ ўтказилди – МИБ

Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га 16,5 млрд сўм пул маблағлари ўтказиб берилди. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг ўтган даврида Маҳаллий ҳокимлик, прокуратура, солиқ ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда жами 545 млрд сўм, шундан давлат фойдасига 249 млрд сўм маблағ амалда ундирилди.

Эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқдан ташқари давлат фойдасига ундириладиган маблағлар ҳисобидан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га январь-сентябрь ойларида 16,5 млрд сўм пул маблағлари пропорционал равишда (5,5 млрд сўмдан) ўтказиб берилди.  

Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 186 нафар қарздор жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида, уларнинг 91 нафари топилган. Шундан, қолган қидирувдаги қарздор жисмоний шахсларнинг 72нафари маҳаллий қидирувда бўлиб, республика ҳудудидан чиқиб кетганлари 23 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, 36 та автомототранспорт воситаларига қидирув эълон қилинган бўлиб, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида, 20 таси топилган ва 16 та автомототранспорт воситалари бўйича қидирув эълон қилинган.

Алимент ундируви билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 9 238 нафар боланинг таъминоти учун 8 339 нафар қарздордан даврий тўловлар юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 553 та оила қайта тикланишига эришилди.

Шунингдек, алимент тўловлари бўйича 68 та ҳолатда қарздорлар томонидан болаларининг вояга етгунига қадар таъминоти пул маблағи, уй-жой, автомашина ва бошқа шаклда тўлиқ қопланди.

Вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан ЖКнинг 122-моддаси бўйича 39 та жиноят ишлари қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилган ва айблов далолатномалари билан судларга юборилган.

МИБ тизимидаги ходимларнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари юзасидан 65 нафар ходимга нисбатан, жами 8 та хизмат текшируви ўтказилиб, натижасига кўра, текширув ўтказилган барча ходимлар томонидан “Прокуратура ходими” деган номга доғ туширувчи номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этилгани ўз тасдиғини топган ва тегишли тартибда жавобгарлик масаласи кўриб чиқилган.

Шунингдек, хизмат ва ижро интизоми бузилиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жами 141 та профилактик тадбир ўтказилиб, шундан 87 нафар ходим билан индивидуал тартибда профилактик суҳбат ўтказилган.

Мазкур даврда фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйган 48 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, хизмат вазифаларини масъулият билан бажариб, ижобий кўрсаткичларга эришган 79 нафар ходим рағбатлантирилди.

Мавзуга оид