1 трлн 723 млрд сўмлик лойиҳа ва вазир қариндошлари

Davletov.uz канали Ислом цивилизацияси маркази қурилишига алоқадор шахслар ҳақида ёзди.

«Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун тахминан 1 триллион 723 млрд сўм сарфланиши кўзда тутилмоқда экан. Марказий банк курси билан ҳисоблаганда 161,5 млн долларни ташкил қилади.

Қурилиш билан «Трест-12» акциядорлик жамияти шуғулланмоқда. Мазкур компаниянинг улушига Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бирга қурилиш вазири Ботир Зокировнинг қариндошлари қисман эгалик қилади», — дея кузатувларини маълум қилди у.

«Айрим такрорланувчи хулосалар: агар Нигерия бўлмасак»иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам юқоридаги мавзу ҳақида фикрларини ёзиб қолдирди.

«Davletov.uz қиймати 1 триллион 723 миллиард сўмлик Ислом цивилизацияси маркази қурилиши қурилиш вазири Ботир Зокиров билан аффилланган «Трест-12» акциядорлик жамиятига топширилгани ҳақида ёзди. Оқшом Gazeta.uz бу ахборотни қўшимча маълумотлар билан тўлдирди. Лойиҳа қиймати у бошлангандан буён 4 карра қимматлаган», — деб ёзди у.

Иқтисодчи қурилиш соҳасида бир қатор ўзгаришлар қилиш кераклигини таъкидлади.

«Биринчидан, қурилиш ишларини лойиҳа-смета ишлари билан баравар олиб боришни бутунлай тўхтатиш лозим. Президент ё ҳукумат қарори деган лазейкани ҳам қолдирмаслик зарур. Тасдиқланган лойиҳа йўқми, лойиҳачида ҳам, буюртмачида ҳам, пудратчида ҳам ҳеч қандай масъулият ва жавобгарлик бўлмайди. Демак, чексиз-чегарасиз ўғирлаш, ўзлаштириш мумкин бўлади. Лойиҳа қиймати каррасига ошаверади.

Иккинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ва кейинчалик давлат ихтиёрида қоладиган объектларни ҳомийлик ҳисобидан қуришни тўхтатиш керак. Қонун йўли билан. Бу схема миллиардларни ўмариб миллионларни садақа қиладиган муттаҳам олигархларнинг схемаси. Алдов схемаси. Бу ерда мораль масаласи ҳам бор: ўғридан пул олиб масжид қурмаслик керак.

Учинчидан, тижорий бўлмаган, ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг қийматини маъқуллаш молиялаштириладиган манбага қараб парламент ва тегишли кенгашлардан тасдиқланиши лозим. Майли, бу жараёнга бир неча ойлар кетсин. Эътибор беринг, Ислом цивилизацияси маркази қиймати консолидациялашган бюджетимизнинг 1 фоизини ташкил этади. Масалан, солиштириш учун, фанни ривожлантириш дастурларига бюджетимизда бундан 10 баробар камроқ харажат мўлжалланган. Қурилаётган объектлар номма-ном, лойиҳама-лойиҳа парламент ва кенгашлар тасдиғидан ўтмаса, ижро органи ва ҳокимлар билган номаъқулини еяверишади», — деб ёзди у.