Ўзбекистон | 19:00 / 18.11.2021
80717
3 дақиқада ўқилади

Манба: Очилбой Раматов бош вазир ўринбосарлигидан кетиши мумкин

Ўзбекистон ҳукумати таркибида навбатдаги ўзгаришлар кутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов лавозимидан озод этилиши, қурилиш вазири Ботир Зокиров Вазирлар Маҳкамасига қайтиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Жуманиязович Раматов лавозимини тарк этиши мумкин. Kun.uz манбаси хабар беришича, қурилиш вазири Ботир Зокиров бош вазир ўринбосари лавозимига қайтади.

Айни вақтда Раматов қайси ишга ўтиши ва Ботир Зокиров ҳукуматда айнан қайси соҳага масъул бўлиши ҳақида аниқ маълумот берилмади.

2002 йилдан «Ўзбекистон темир йўллари»га раислик қилган Очилбой Раматов 2016 йилнинг декабрида бош вазир ўринбосарига (Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти; Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими) айланганди.

У 2019 йил февралида «Ўзбекистон темир йўллари» раислигидан кетган, ўша вақтда янги ташкил этилган Транспорт вазирлигига раҳбар бўлган, аммо 2020 йил январида вазирлик лавозимини Элёр Ғаниевга топширганди.

Ботир Зокиров 1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат политехника университети) қурувчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Ботир Зокиров / Kun.uz

1980 йилда Тошкент инструментал заводида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1985-1990 йилларда «Тошсантехмонтаж» трестида ишлаган. 1990 йилда эса «12-трест» қурилиш ширкатида иш бошлаб, бу ерда чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилган.

2011 йилда Ўзбекистон президенти фармони билан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган, 2011 йил декабрида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари бўлган.

Ботир Зокиров 2016 йил 14 декабрда бош вазир ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланган. У 2019 йилдан Қурилиш вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

  • Бундан олдинроқ, Kun.uz ўз манбасига асосланган ҳолда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон бош вазири ўринбосарлигига тайинланиши мумкинлиги ҳақида хабар қилганди. Лекин ҳозирча расмий манбалар ҳукуматдаги ўзгаришлар ҳақида расмий тасдиқланган маълумот бермади.

Мавзуга оид