Жамият | 13:10 / 18.10.2021
5604
3 дақиқада ўқилади

Қийинчиликлар исканжасидаги, бироқ келажакдан умидини узмаган сирдарёлик сағир йигит

Сирдарё тумани Бахмал маҳалласида истиқомат қилувчи 34 ёшли Дилмурод Эгамқулов бир неча йиллардан бери ёлғиз ҳаёт кечиради. Ота-онаси вафотидан сўнг оилада бир ўзи қолган. Ака ва опалари оила қуриб, кўчиб чиқишган. Дилмурод ўз ҳаётидаги қийинчиликларга қарамасдан келажакка умид билан қарайди.

“Ўтган йили карантин вақтида бироз қийналдим. Рўзғорни ҳам яқинларимнинг ёрдами билан амалладим. Бирор жойдан иш топа олмадим, карантин туфайли барча жойлар фаолиятини тўхтатган эди. Фақатгина озиқ-овқат дўконлари ишлаб турди”, — дея қийналган кунларини эслайди у.

Бахмалликлар асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Далаларда полиз экинлари, ем-хашак экилади. Етиштирилган маҳсулотларини Сирдарё ва Бахт деҳқон бозорларида сотишади.

“Авваллари одамлар куз мавсумида пахта теримига чиқиб, 5–10 сўм даромад оларди. Ҳозирги кунда далаларда буғдой экилади. У ҳам ёғингарчилик ҳисобига суғорилади. Сув келиб қолганда 1–2 марта суғорилади. Чунки ҳозирги вақтда экинлар учун сув йўқ”, — дея деҳқончиликдаги қийинчиликларни санаб ўтди.

Маҳаллада электр энергияси билан боғлиқ муаммо йўқ ҳисоби. Фақат қиш мавсумида ток дам-бадам ўчиб туради. Ичимлик суви эрталаб ва кечки вақтларда икки соатдан берилади. Кўчага ўрнатилган крандан 15–20 хўжалик ташиб фойдаланади. Газ эса 7–8 йиллардан бери йўқ: қувурлар кесиб кетилгач, аҳолига баллонларда суюлтирилган газ тарқатилади. Тўлдирилган баллон 20–30 кунга етади. Балон ўз вақтида етказилмаса ва муддатдан тезроқ тугаб қолса, овқат ўтин билан ўчоқда пиширилади. Совуқ кунларда уйнинг фақат битта хонаси ўтин ёрдамида иситилади, баъзида электр печлардан фойдаланилади.

Асосан қурилиш ишлари билан шуғулланаман. Иш бор пайти ишлайман, йўқ пайти сабр қиламан. Шаҳарга бориб ишлай десам, бунга шароитим йўл қўймайди. Соғлиғимдаги муаммолар туфайли давлат ишида ҳам ишлай олмайман. Мактабдан сўнг ўқишни давом эттиришга менда имконият бўлмаган”, — дейди у.

Дилмуроднинг айтишича, маҳаллада ундан ночор инсон йўқ. Лекин шароити уникидан яхшироқ бўлганларга ҳам маҳалла фуқаролар йиғинидан ёрдам берилган.

“Менга эса бирор марта моддий ёки бошқа турдаги ёрдам берилмади. Ўтган йили карантин вақтида аҳолига 250 минг сўмдан ёрдам берилаётганини эшитгандим. Ўзим сўраб борганимда, сен ногиронмисан, кам таъминланганга кирмайсан, дейишган эди. Лекин орадан 3-4 кун ўтгандан кейин чақириб, қўлимга 200 минг сўм беришди. Карантин вақтида бир марта озиқ-овқат берилди.

Ҳар қандай қийинчилик бўлмасин, мен ҳаётимдан розиман. Борига қаноат қилиб яшайман. Омадим келиб, ишларим юришиб кетса уй-жойларимни обод қилган ва оила қурган бўлардим”, — дейди Дилмурод Ибрагимов.

Мавзуга оид