Ўзбекистон | 12:10 / 19.10.2021
10035
4 дақиқада ўқилади

«Янги Тошкент» концепцияси бўйича режалар очиқланди

“Тошкентда шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар орасидаги бўш ерларда ҳар қандай қурилишлар қилишга чек қўйилади. Кўп қаватли уй-жойларга туташ ҳудудлар фақатгина ушбу уй мулкдорларига доимий фойдаланиш учун бириктирилади”, деди президент.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

2026 йилга бориб пойтахт аҳолиси 3,2 миллион нафардан ортиши кутилмоқда. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашувда айтиб ўтди.

“Яна ярим миллиондан зиёд одам кунига шаҳарга келиб кетади. Бу, ўз навбатида, шаҳар инфратузилмаси, таълим, тиббиёт, жамоат транспорти, уй-жой коммунал ва бошқа барча соҳаларга юкламанинг анча ошишига олиб келади. Шуларни инобатга олиб, келгуси беш йилда Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрланди. Энг аввало, келгуси беш йилда “Тошкент яшаш учун қулай шаҳар”га айланиши бўйича барча шароитлар яратилади.

Хабарингиз бор, шаҳар ҳудуди жорий йилда 8 минг гектарга кенгайтирилди. Пойтахтнинг архитектураси ва қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида, ушбу ҳудудда “Янги Тошкент” концепцияси амалга оширилади ва босқичма-босқич шаҳар шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади.

Жумладан, Бектемир туманида 20 минг хонадонли замонавий массив барпо этилиб, боғча, мактаб, тиббиёт муассасаси ва дам олиш марказлари қурилади. Янгиҳаёт туманида инфратузилмага яқин ҳудудда, йирик массив шаклида 200 та кўп қаватли уйлар қурилиб, 10 мингдан ортиқ оиланинг турмуш шароити яхшиланади.

Умуман, Тошкент шаҳрига қўшилган ҳудудларни яшаш учун ҳар томонлама қулай қилиш мақсадида, алоҳида дастур қабул қилиниб, бу ерда истиқомат қилаётган 100 мингдан зиёд аҳолининг яшаш шароити яхшиланади. Шунингдек, ушбу ҳудудларда янги корхоналар, саноат зоналари, аҳоли дам олиш масканлари, иқтисодий ва ижтимоий объектлар қурилади. 

Шу билан бирга, шаҳар ҳудудидаги авария ҳолатига келган, 60-70 йил аввал қурилган кўп қаватли уйлар ўрнига, замонавий турар жойларни барпо этиш бўйича “реновация дастури” амалга оширилади. Бунда, ушбу уйларда яшайдиган аҳолини рози қилиб, уларга янги уйлардан мақбул таклифлар берилиши шарт. 

Мисол учун, Янгиҳаёт туманининг “Спутник” мавзесидаги яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолган 400 дан зиёд 2 қаватли ёғоч уйлар ўрнида янги кўп қаватли уйлар қурилиб, 4,5 минг оила янги замонавий хонадонлар билан таъминланади. 

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида мавжуд кўп қаватли уй-жойлар орасидаги бўш ерларда ҳар қандай қурилишлар қилишга чек қўйилади. Кўп қаватли уй-жойларга туташ ҳудудлар фақатгина ушбу уй мулкдорларига доимий фойдаланиш учун бириктирилади. Умуман, келгуси беш йилда пойтахт аҳолиси учун 100 минг хонадонли кўп қаватли, энергия тежамкор уйлар қурилади.

Энди шаҳарни шарқ томонга қараб кенгайтирамиз ва қурилишларни ҳам асосан шу томонда, ҳозирги Тошкентдан ташқарида олиб борамиз. Шаҳар ичида фақат яшил ҳудудлар барпо қиламиз. Эски уйларни таъмирлаб бўлмайди, ҳаммани рози қилиб, уйларни бузамиз. Кимдир жойида қолмоқчи бўлса, уни қолдирамиз. Лекин ўйлайманки, вақти келиб ҳамма рози бўлади. Бу даргоҳдан ҳеч ким норози бўлиб чиқиб кетиши мумкин эмас”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид