Ўзбекистон | 20:22 / 12.10.2024
16574
3 дақиқада ўқилади

Янги Тошкент 2 миллион аҳолига мўлжалланяпти

Пойтахтда аҳоли сонининг ошиши, тирбандликлар, яшилликнинг кескин камайиши ортидан ҳукумат Янги Тошкентни қуришга қарор қилган. Расмийларга кўра, қурилиш 6 босқичда давом этади ҳамда 1-босқичда маданий маърифий бинолар барпо этилади. Шундай объектлардан биринчиси – Алишер Навоий маданий маркази. Уни Британиянинг “Zaha Hadid Architects” компанияси лойиҳалади.

Лойиҳа тақдимотида компания директори сўзга чиқиб, лойиҳа дизайни, яратилиши ҳақида тушунтириш берди. Бино тоғларга қиёс қилиниб, шу шаклда қурилади. Ўзбекистонда қиш жуда совуқ, ёз жуда иссиқ бўлгани учун ҳаво циркуляцияси, бино иситилиш-совитилишига алоҳида эътибор қилдик, дейди Паоло Матюзи.

Энг кўп эътибор қилганимиз – иқлим шароитлари бўлди. Бизга берилган ҳудуд об-ҳавосини ўрганиш биринчи вазифамиз бўлади, одатда. Бу ер ёзи жуда иссиқ ва узоқ, қиши эса қисқа, лекин жуда совуқ бўладиган ҳудуд. Шундан келиб чиқиб, биз минимализм ва пассив дизайн усулларидан фойдаландик. Фақат шу йўл билан ҳам миллий маданиятни, ҳам одатийликдан бироз чекинишни жамласа бўлади, деган қарорга келдик. Бу ишларга бир неча ой сарфладик. Лойиҳа дизайнлаштириш қиймати ҳақида эса мен айтолмайман, чунки бу буюртмачиларимиз сири ва бюджети”,- дея таъкидлайди Zaha Hadid Architects” директори Паоло Матюзи.

Айни дамда Тошкент шаҳрининг муаммолари ҳеч кимга сир эмас. Йўлларда доимий тирбандлик, яшилликнинг камайиб кетгани, экологик бузилиш, тартибсиз қурилишлар, канализация ва мавжуд инфратузилма зўриқиб ишлаётгани ҳаммани хавотирга солмоқда. Шундай шароитда Янги Тошкентни қуришдан асосий мақсад – юкламани камайтириш, дейди шаҳарсоз, дирекция аъзоси Умиджон Файзиев.

Лойиҳа масъулларига кўра, Янги Тошкентни фақат Ўзбекистоннинг ўзи қурмайди. Ҳозирча Хитой, Буюк Британия, Туркия, Россия давлатларидан инвесторлар қизиқиш билдирган. Лекин айни шу давлатлардагилар пул тикиш-тикмаслиги ҳали номаълум.

Яқиндагина Kun.uz шаҳарсоз ва уй-жой бозори мутахассислари билан суҳбат ўтказганида, мутахассислар энг катта хавфни канализацияда кўрганди. Чунки мавжуд канализация тизими эскирган, уни бирдан янгилаш имконсиз. Лекин қурилишлар канализация тизими имкониятларига номувофиқ давом этяпти. Янги Тошкентнинг канализацияси ҳам ҳозирги Тошкентга уланадими? Масъулларга кўра, бундай қилинмайди, алоҳида инфратузилма яратилади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа 6 босқичда қурилиши айтиляпти. Бу қурилиш ишлари камида 2050 йилга қадар давом этади, дегани. Натижада ҳамма админстратив бинолар кўчирилиши, марказлашиши, ҳозирги Тошкентга юкланаётган босим камайишидан умид қилинмоқда. Лойиҳанинг кейинги босқичларида турар жойлар, ижтимоий объектлар ҳам қурилади.

Мавзуга оид