Жаҳон | 21:56 / 24.10.2021
22795
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Россияда олти кундан буён кунига мингдан ортиқ ўлим қайд этилмоқда, Петербургда ҳам локдаун эълон қилинди

Россияда бир суткада 1072 киши коронавирусдан вафот этди. Covid-19 туфайли қайд этилган ўлим ҳолатлари сони кетма-кет олтинчи кун мингдан юқори бўлди.

Фото: ТАСС

Россияда яна 35 660 кишида Covid-19 аниқлангани хабар қилинди, сўнгги бир кунда 1072 киши коронавирусдан вафот этган.

Россияда бундан олдинги уч кунда кунлик ҳолатлар сони 37 мингдан юқори бўлган, 23 октябрь куни коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича навбатдаги максимум қайд этилганди - 37 678та янги ҳолат, шу куни 1075 ўлим ҳолати рўйхатга олинган - икки кўрсаткич ҳам пандемия бошидан янги рекорд бўлганди.

Сўнгги бир кунда Россияда 1072 киши коронавирусдан вафот этди. Мамлакатда 19 октябрдан бери ҳар куни ушбу касаллик туфайли мингдан ортиқ ўлим қайд этилган, тезкор штаб маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён жами 230 600 киши касаллик қурбони бўлган.

Энг кўп касалланиш ҳолатлари Москвада - 5279, бундан олдинги кунларда бу кўрсаткич 7-8 мингга етганди.

Аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари бўйича рақамлар ўсишда давом этиши мумкинлигини истисно қилмаганди.

«Бу динамикада биз кейинги ҳафта бошида касалланиш кўрсаткичлари бўйича пикка чиқишимиз ва пандемия тарихидаги янги рекордлар қайд этилиши кутилмоқда. Бу эса соғлиқни ва одамлар ҳаётини сақлаш учун чора кўриш зарурлигини англатади», деганди у «Россия 1» учун берган интервьюсида.

16 октябрда мамлакатда коронавирусдан кунлик ўлим ҳолатлари биринчи марта мингдан ошгани маълум қилинганди.

Коммунаркадаги шифохона бош шифокори Денис Проценко Россияда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият критик нуқтага етганини, аҳоли орасида эмлаш даражаси эса пастлигини маълум қилган.

Вазият оғирлашгани муносабати билан Россияда 30 октябрдан 7 ноябргача бўлган муддат ишланмайдиган кунлар сифатида белгиланган.

Москвада бир неча кун олдин эълон қилинган локдаун 28 октябрда бошланиб, 7 ноябргача давом этади. Бу давр мобайнида Россия пойтахтида фақат дорихоналар ҳамда биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотлар сотиладиган дўконлар очиқ бўлади. Худди шу каби чеклов чоралари Москва областида ҳам жорий этилган.

Петербургдаги ковид беморларини қабул қилувчи шифохона олдидаги тез ёрдам машинаси
Александр Демьянчук / ТАСС

Петербургда ҳам локдаун. «Фонтанка» маълумотига кўра, расмийлар шаҳарга москваликлар келмаслиги учун шундай қарорга келишган

22 октябрь куниёқ — локдаун эълон қилинишидан бир кун олдин — «Фонтанка» Петербург ҳукумати «москвача сценарий»га тайёрланаётгани, яъни 30 октябрдан 7 ноябрга қадар қатъий карантин жорий этиш режалаштирилгани ҳақида хабар тарқатганди. Нашр ўз манбасига асосланиб шаҳар аҳолиси антиковид чоралари ҳақида қачон хабардор қилиниши ҳақида ҳам ёзганди мерах — 23 октябрь куни кечқурун.

Шундай бўлди ҳам. Шанба куни Петербург шаҳри маъмурияти сайтида губернатор Александр Беглов томонидан имзоланган ҳужжат матни пайдо бўлди. Унга кўра 30 октябрдан 7 ноябрга қадар муддатда шаҳарда қуйидагилар ёпиқ бўлади:

  • кафе, бар ва ресторанлар (фақат олиб кетиш ва етказиб бериш мумкин);
  • озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар, дорихоналар ва энг биринчи зарурият ашёлари сотиладиган дўконлар бундан мустасно;
  • гўзаллик салонлари (аммо сартарошхоналар эмас), фитнес-марказлар, катоклар ва аквапарклар;
  • болаларнинг кўнгилочар ўйинлар марказлари;
  • Кўп функцияли марказлар;
  • кутубхоналар, галереялар, кинотеатрлар, концерт заллари ва цирклар.

Шунингдек, деярли барча тадбирлар ўтказилиши бекор қилинган. Қарорга кўра, тадбирларни театрлар ва музейлардагина ўтказиш мумкин. Бундай жойларга фақат QR-код (тўлиқ эмлангани ёки касалликни бошдан кечиргани ҳақидаги маълумотнома) билан киришга рухсат этилади. Вице-губернатор Борис Пиотровский бу «ҳақиқий петербургликлар ва гўзалликни қадрловчилар учун хушхабар» экани ҳақида ёзди. «Узоқ давом этадиган дам олиш кунларини унумли ўтказинг ва ўзингизни асранг», дея қўшимча қилади амалдор.

«Фонтанка»нинг аниқлик киритишича, расмийлар икки асосий сабабга кўра шундай чекловлар жорий этишга қарор қилишган. Биринчиси — шаҳарда касалланиш даражасини пасайтириш (16 октябрдан Петербургда ҳар куни 3000дан ортиқ янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда). «Агар ҳозир локдаун жорий этилмаса, бир ҳафтадан кейин ковид стационарларида бўш жойлар қолмайди», дея изоҳ берган нашр манбаси.

Локдаун киритилишининг иккинчи сабаби — ноябрдаги байрамлар муносабати билан Москва ва бошқа шаҳарлардан келувчиларнинг катта оқимининг олдини олиш. «Фонтанка» хабарига кўра, Москвада локдаун жорий этилгач, Петербургга қатновчи «Сапсан» тезюрар поездларига талаб кескин ошган, Петербург ва Ленинград областидаги меҳмонхоналарда бўш жойлар деярли қолмаган. Янги чекловларга кўра, меҳмонхона ва санаторияларга фақат QR-кодлар ёки ПЦР-тестлар (келишдан уч кун олдин топширилган) билан кириш мумкин.

Бундан ташқари, локдаун ҳақида эълон қилинишидан аввалроқ Петербург ҳукумати ноябрь ойи бошидан QR-кодлар нафақат сайёҳлар, балки барча учун талаб қилинишини маълум қилганди. 1 ноябрдан 40дан ортиқ киши иштирок этадиган тадбирлар тўхтатилади. 15 ноябрдан бассейнлар, фитнес-марказлар, театрлар, цирклар, концерт заллари, кинотеатрлар, музейлар ва кўргазмаларга кириш учун QR-код бўлиши керак. 1 декабрдан код барлар ва кафелар, шунингдек савдо марказларига киришда сўралади.

Шаҳар расмийлари шундай чекловлар орқали янги йил байрамлари арафасида локдаун жорий этишга зарурат қолмаслигидан умид қилишмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид