«Афғонистонда ҳозирда дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бири юзага келган, агар энг оғири бўлмаса. Иш фалокат сари кетмоқда», деган Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.
«Толибон» ҳаракати август ойида хориж ҳарбийлари олиб чиқиб кетилиши ортидан Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганди.
Ҳокимият алмашуви шусиз ҳам заиф, бунгача четдан келадиган ёрдамларга қараб бўлиб келган Афғонистон иқтисодиётини янада кучсизлаштирди. Ғарбдаги державалар ёрдам кўрсатишни тўхтатишди, Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди молиялаштиришни вақтинча тўхтатди, мамлакатнинг тўққиз миллиард долларга яқин валюта захираси АҚШ марказий банки томонидан музлатиб қўйилган - толиблар эга чиқмаслиги учун. Ёрдам қачон тикланиши номаълум, чунки толибларнинг ҳукуматини дунёда деярли ҳеч бир давлат тан олмаяпти.
Қайсидир давлат ЯИМнинг камида 10 фоизлик улушини ташқи ёрдам ташкил этса, бу давлат хориждан келувчи ёрдамга қарам ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотига кўра, Афғонистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизга яқин қисмини халқаро ёрдамлар ташкил этган.
Ҳозирда кўплаб афғонлар овқат сотиб олиш учун ўз мулкларини сотишга мажбур бўлмоқда. Толиблар маъмурияти хориждаги активлардан фойдалана олмайди, бу шуни англатадики, давлат хизматчиларига маош тўлаш учун ҳам пул йўқ.
«Мен охирги бор беш ой муқаддам маош олгандим. Яшаш қийин. Мен уйимиздаги бор нарсани сотдим. Биз уй жониворларини сотдик, ўтин қилиш учун дарахтларимизни кесдик», дейди Ҳиротдаги ўқитувчилардан бири BBC билан суҳбатда.
Кобул аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил этувчи қашшоқлар учун асосий муаммо - очдан ўлмаслик учун ҳар куни бир неча юз афғоний топиш ҳисобланади.

Эрта тонгда Кобулдаги бозорлардан бирининг олдида кунлик иш топиш учун бир неча юз қурувчи тўпланади.
Шаҳардаги катта қурилишлар тўхтаб қолган. Банклар ёпиқ. Хориждан молиялаштириш оқими ҳам ёпилган, бори ҳам денгиздан томчилар.
Бир неча қурувчини танлаб олиб кетишади, қолганлар норози бўлиб қолаверади. Шундайлардан бири Ҳаёт Хон сўнгги йигирма йил мобайнида коррупцияга ботган элита хориждан ажратилган пулларни ўзлаштириб келганини айтади.












