Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахдаги балиқчилик кластеридан мастер-класс: осон, кам харажатли, бироқ даромадли бизнес
Балиқ боқиб кўрганмисиз? Балиқ боқишга қизиқасизми? Йўқ, денг? Балиқ тутишга қизиқадиганлар талай, уни ейишга иштиёқмандлар эса ундан-да кўп. Лекин дастурхонингизга етиб келгунча ана шу луқмаи ҳалол қандай «йўллардан юради»?
Хўш, балиқчилик билан шуғулланиш осонми ё қийин? Шундай иш бошлаган тадбиркорларнинг ҳаммасини ҳам муваффақиятли санаса бўладими? Ёки бу ишни дўндириш учун ҳам «Худо юқтирган» бўлиши керакми?
Биз бу саволларга жавоб олиш учун Жиззах томон йўл олдик.
Юртимизда бизнесга, тадбиркорликка эътибор ошгандан ошиб боряпти ва бу ҳол ўз ишини очган ва йўлга қўйиб олганлар фаолиятида тобора бўй кўрсатмоқда.

Ҳукумат даражасидаги эътибор қай тарзда амалий ишларда намоён бўлаётганига гувоҳ бўлиш учун Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида бўлдик. Кўрганларимиз бир олам. Билганларимиз яна бир олам. Балиқчиликка ихтисослашган Gold Fish Agro кластери асосчиси Аброр Нарзиев биз учун гид вазифасини ўтаб берди.

43 гектар майдонда очиқ ҳовузлар ва ёпиқ турдаги кичик ҳовузлар — бассейнлар ташкил қилинган. Интенсив ва ярим интенсив усулда етиштирилаётган балиқлардан миллионлаб даромад олиш мумкинлиги, бироқ бунинг учун қўлдаги сармоя ёки банкдан олинган кредитнинг ўзи етарли эмаслиги, балки ҳар бир бизнес илмга таяниши, балиқчилик соҳасида ҳам илмсиз бирор натижага эришиб бўлмаслигини англадик ва кўрдик.


Шунингдек, шу ернинг ўзида 10 гектар ерда ташкил қилинган узум плантациялари ҳам ҳосил олиш учун, ҳам тажриба майдони ўлароқ ташкил қилинган. Нарзиев бу йўналишда хоҳловчиларга билим беришга тайёр.

Эътиборимизни тортгани, бизнес эгаси нафақат ўзи даромад олишни, балки билганларини бошқаларга ўргатишни ҳам истаётганидир. Кластер қошида ўқув курслари ташкил этилган. Бу курсларда соҳани ўрганиш ва амалиётда қўллаш имконияти бор.

«Фақатгина назарий билим камлик қилади, шунинг учун ҳам биз шу ернинг ўзида ўқиётганларга амалиёт ҳам тақдим этяпмиз. Синфхонадан узумзорга ёки интенсив ҳовузларга ўтамиз, ўқувчилар ўз қўллари билан барча ишни бажаришлари, жараёнда қатнашишлари мумкин ва бу назарий билимларни мустаҳкамлайди», — дейди кластер раҳбари.
Кластер — бу барчаси бир жойда, дегани. Яъни бу ерда балиқлар учун озуқа ишлаб чиқарилади, балиқлар личинка ҳолатидан тайёр маҳсулот даражасига келгунича барча жараён шу ернинг ўзида амалга оширилади. Хуллас, увулдириқ шу ерда катта қилиниб, сотувга чиқарилади.


Узумчилик борасида ҳам шу гап: етиштиришдан йиғиб олишгача, тайёр маҳсулотдан токи уни сақлаш ва турли кўринишларда қайта ишлашгача.
Кластерда йилига 500 тонна балиқ етиштирилиши, гектаридан 50 тоннагача узум ҳосили олиниши мумкин. Буларнинг барчаси замонавий технологиялар туфайли энергиятежамкор, сувтежамкор кўринишда бўлади.

Аброр Нарзиев истаган одамга 0,5 ёки 3 сотих майдонда балиқ етиштиришни ўргатишини, ҳатто қурилмалар ва бассейнни истаган одамнинг хонадонига олиб бориб, ўрнатиб, чавоқларни ташлаб, «калитигача» тақдим эта олишини маълум қилди.
«Жараён ана шундай. Дейлик, сиз ҳеч қачон бундай иш қилиб кўрмагансиз. Бироқ, ишонинг, бажара оласиз: ўқитамиз, ўргатамиз, амалиёт ўтайсиз, ясаб, қуриб, ўрнатиб берамиз, бу ёғига ўзингиз бемалол эплаб кетасиз. Шунақа!» — дейди Аброр Нарзиев.
Балиқчиликнинг бу каби сир-асрорларини ўрганмоқчи бўлганлар қуйидаги телефон рақамлари орқали Gold Fish Agro мутахассислари билан боғланишлари мумкин:
+9989915690676
+9989938558988
+9989945721330
Бобур Акмалов, Kun.uz журналисти.
Оператор ва монтаж устаси: Маҳмуд Солиев
Мавзуга оид
17:38 / 11.06.2026
Президент ҳузурида балиқчилик тармоғини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди
08:47 / 16.05.2026
Кореяга ишчи визаси олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
09:44 / 19.04.2026
Жиззах вилоятида автобус ЙТҲга учради
16:30 / 30.03.2026