Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент ҳузурида балиқчилик тармоғини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди
Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда таъкидланишича, Ўзбекистонда 173 минг километр дарё ва канал ўзанлари мавжуд. Сув ресурслари чекланган бўлишига қарамасдан, мамлакат Марказий Осиёда балиқ етиштириш ҳажми бўйича етакчи ўринда турибди. 2025 йилда 206 минг тонна балиқ етиштирилган.
Сўнгги йилларда аҳоли сони ўсиши билан оқсилли маҳсулотларга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Балиқ эса иқтисодий жиҳатдан самарали озуқа манбаидир. Шу боис, оддий кўл балиқчилигидан сувни тежайдиган, қайта айлантирадиган ва интенсив технологияларга асосланган тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди.

Тақдимотда 329 та табиий сув ҳавзаси ва сув омбори ҳамда улар атрофидаги 163 минг гектар ер майдонини ижарага беришнинг янги, шаффоф тизимини жорий қилиш, интенсив балиқчилик ва наслчилик хўжаликларига ҳар йили зарур миқдорда сув етказиб бериш кафолатланиши лозимлиги қайд этилди.
Бугунги кунда интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизидан ошмаяпти. Ваҳоланки, бундай технологиялар ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баробар оширади. Агар мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинса, балиқ етиштириш ҳажмини 5 баробар ошириш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Соҳада янги технологияларни жорий этиш ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёпиқ сув айланма тизимини ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, наслли она балиқларни импорт қилиш учун субсидия ажратиш, қуёш панелларини ўрнатиш учун субсидия бериш ва айланма маблағ учун имтиёзли кредитларнинг фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш лозимлиги таъкидланди.

Балиқчилик хўжаликларига кредит ажратиш, миллий ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларини қисман қоплаш механизмлари жорий этилади.
Ушбу имкониятлар ҳисобига кейинги йилда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннадан ошириш чораларини кўриш топширилди.
Тақдимотда наслчилик ва илмий ёндашув масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сифатли чавоқ ва яхши генетика юқори ҳосилдорликнинг асосий шарти экани таъкидланди. Шу боис, карп, лаққа, форель, осётр каби балиқ турларининг наслини яхшилаш, янги зотларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича ишлар йўлга қўйилади.
Келгуси йилдан тоғолди ҳудудларида форель ва осётр балиғи етиштириш қувватларини яратиш режалаштирилган. Балиқчилик илмий-тадқиқот институти учун Оҳангарон дарёси бўйида тажриба-синов майдони ташкил этилади. Миллий карп зотини яратиш бўйича хорижий грантлар жалб этилади.

Соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди. Аграр университетда Астрахан давлат техника университети ва Хитойнинг Далян океан университети билан ҳамкорликда балиқчилик ва аквакультура бўйича қўшма факультет очиш таклифи кўриб чиқилди.
Балиқчилик тармоғини рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сувдан фойдаланиш ҳолати, ер майдонлари, ноқонуний балиқ овлаш, солиқ тўловлари, овланган балиқ маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирган ягона электрон платформани яратиш таклиф қилинди. Соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий қилишни кенгайтириш орқали харажатларни қисқартириш ва маҳсулдорликни ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент таклифларни маъқуллаб, соҳани қўллаб-қувватлаш чораларини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Мутасаддиларга балиқчилик тармоғини замонавий технологиялар, илмий ёндашув ва самарали бошқарув асосида ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли дастурхонига арзон, сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
18:36
Президент онкологик ва гематологик ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди
20:06 / 10.06.2026
Президент ҳузурида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва режалари кўриб чиқилди
19:10 / 10.06.2026
Шаҳарсозликда бош режа ва мастер-режа билан ишлашнинг янги тизими жорий қилинади
17:46 / 10.06.2026