Кичкина бўлса ҳам, боғинг ва кутубхонанг бўлса, сен ҳеч нарсага муҳтож эмассан, дейди қадимги Рим файласуфи Сицерон.
Бизни эса тобора камайиб бораётган боғлар ва дарахтлар билан бирга, йўқлик қаърига сингиб бораётган кутубхоналар ҳам ташвишга солади.
Кутубхоналарга нисбатан нега “йўқлик қаърига сингиб бораётган” сифатдошини ишлатганимизни рақамлар айтади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кутубхоналар ва ахборот ресурс марказларининг сони 2000 йилда 6027тани ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб 400 дона қолган.

20 йил олдин шаҳарларимизда 1013 та кутубхона бўлган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 361тага тушган.
Қишлоқларда сақланиб қолган кутубхоналарга оид рақамлар яна ҳам ҳайратланарли: 20 йил ичида 5014та кутубхонадан 39таси қолган холос.
“Жамият фожиаси китоб ўқиш камайишидан бошланади”
Қишлоқлар майли, ҳатто шаҳарларда вазият ҳам ҳавас қилгулик эмас. Бу ҳақда букблогер Маҳин Нурсаидова шундай дейди.

“Ўзбекистонда биринчидан кутубхона кам, иккинчидан борлари ҳам қаерда жойлашганини китобхонлар, ҳатто ўқимишли инсонлар ҳам билмайди. Ўйлаб қоламан, бизнинг муаммомиз кутубхона камлигими ёки одамлар уларнинг қаерда жойлашганини билмаслигими?
Ёшлигимизда айни таътил пайтлари асосий вақтимиз кутубхонада ўтарди. Ҳар бир маҳалланинг ўз кутубхонаси бўларди. Кутубхонага аъзо бўлиш текин эди. Китобни танлаш, кўриш, ўқиш учун алоҳида ва муҳокама учун хоналар бор эди. Ҳозирги замонга олиб қарайдиган бўлсак, бор кутубхонани ҳам ёпишди. Китобларни шахсан ўзим сўраганимда макулатурага бериб юборишганини айтишди.
Янги кутубхона очиш, ривожлантириш ўрнига, борини ҳам ёпиб ичидаги китоблар қаерга кетганини ҳеч ким билмайдиган аҳволга солиб, ўрнига бошқа нарсалар қуришди. Ўқитувчимнинг уйида китоблар кўпайиб кетганди, қизиқиб сўраганимда “кутубхона ёпилишидан олдин китобларни бойлаб-бойлаб ерга отиб юборишганда олиб кетганман”, — дегандилар.
Жамият фожиаси китоб ўқиш камайишидан бошланади, бу – саводсизлик, дунёқарашнинг пасайишига олиб келади. Албатта, бу бориб-бориб деградацияга, ҳозирги даражамиздан пастга қулашга олиб келади”.










