Жаҳон | 00:09 / 01.09.2024
4788
2 дақиқада ўқилади

Флорида кутубхоналарида Ҳемингуэй ва Толстой асарлари тақиқланаётгани маълум бўлди

АҚШдаги йирик китоб нашриётлари ва муаллифлар Флорида штатини судга берди. Бунга ўтган йили ота-оналарнинг эътирози билан мактаблар кутухоналаридан китобларни олиб ташлашга рухсат берувчи қонун қабул қилингани сабаб бўлди.

Фото: Getty Images

Йирик китоб нашриётлари мактаб кутубхоналаринида айрим китобларнинг бўлишини тақиқловчи қонун сабаб АҚШнинг Флорида штатини судга берди.

Penguin Random House ва Simon & Schuster каби нашриётлар томонидан киритилган даъво аризасида қайд этилишича, Флорида қонуни мамлакат конституциясидаги Биринчи тузатиш билан кафолатланган сўз эркинлиги ҳуқуқини бузмоқда. Даъвода Майя Энжелоу ва Эрнест Ҳемингуэй каби таниқли ёзувчиларнинг ҳам китоблари мактаб кутубхоналаридан олиб қўйилгани айтилмоқда.

Флорида амалдорлари киритилган даъво аризасига муносабат билдириб, штат китобларни тақиқлаганини рад этди. «Флоридада тақиқланган китоблар йўқ. Очиқ жинсий мазмундаги материаллар ва қўлланмалар мактаблар учун мос эмас», — дейди штат таълим департаменти вакили Сидни Букер. 

Даъво асосини Флоридада ўтган йили қабул қилинган қонун лойиҳаси ташкил этмоқда — унинг доирасида ота-оналар эътироз билдирган маълум китоблар мактаблар кутубхоналаридан олиб ташланиши мумкин.

Сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи Pen America нотижорат ташкилотига кўра, Флоридада 2021 йил июлдан 2023 йил декабрга қадар 3135 та китоб тақиқланган — бу мамлакатдаги энг юқори кўрсаткич. Мактаблар кутубхоналаридан олиб қўйилган китоблар орасида Эрнест Ҳемингуэйнинг «Мотам қўнғироғи», Тони Моррисоннинг «Мовий кўзлар» ва Лев Толстойнинг «Анна Каренина»си ҳам бор. 

Судга киритилган даъво аризаси орқали қонунга ўзгартириш киритиш талаб қилинмоқда. 

Мавзуга оид