Ўзбекистон | 20:42 / 27.10.2021
5730
3 дақиқада ўқилади

Термиз ва Бойсун туманлари ҳокимликлари сессиядан сўнг қарор чиқарилгани масъул ходимларнинг хатоси билан содир бўлганини маълум қилди

Бугун Kun.uz’да Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари маҳаллий кенгаш депутатларини сессияга чақириш ҳақида қарорини сессия ўтиб бўлгандан сўнг чиқаргани ҳақида хабар берилганди. Мазкур хабар юзасидан Термиз ва Бойсун тумани ҳокимлиги ахборот хизматлари муносабат билдирди.

Фото: iStock

E-qaror порталидаги ахборотлардан маълум бўлишича, Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари маҳаллий кенгаш депутатларини сессияга чақириш ҳақида қарорни сессия ўтиб бўлганидан кейинги саналарда имзолаган.

Жумладан:

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов 5 октябрдаги қарори билан Халқ депутатлари туман кенгашининг мажлисини 4 октябр кунига чақирган.

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев 13 октябрда қарор чиқариб, депутатлар мажлисини 11 октябрга чақирган.

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими в.б. С.Носирова эса 13 октябрда қарор чиқариб, 9 октябрга депутатлар мажлисини чақирган.

Сурхондарё вилояти Термиз тумани ҳокими Ш.Ўринов 25 октябрдаги қарори билан 21 октябр санасига мажлис чақирган.

Термиз тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг муносабатида ёзилишича, ҳақиқатан ҳам Термиз тумани ҳокимининг сессия чақириш тўғрисидаги қарори 21 октябр кунига белгиланган бўлса-да, ушбу қарор 25 октябр куни қабул қилинган. Ҳолат ўрганилганда сессияни ўтказиш ҳақидаги ҳоким қарори лойиҳаси электрон дастурга кечиктириб киритилгани аниқланган.

«Маълум бўлишича, ишга янги қабул қилинган ходим томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилиб, қарор лойиҳаси раҳбарга имзолаш учун кеч киритилган. Аслида туман Кенгаши сессияси 21 октябрда қонуний тарзда ўтказилган ва кун тартибидаги масалалар амалдаги қонунлар асосида тўлиқ кўриб чиқилган.

Юқоридаги ҳолатга йўл қўйган масъул ходимга нисбатан амалдаги қонунлар асосида чора кўрилиши таъминланиб, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлигини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

Бойсун тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг муносабатида ёзилишича, Бойсун тумани ҳокимининг сессия чақириш тўғрисидаги қарори 11 октябр кунига белгиланган бўлиб, ушбу қарор 13 октябр куни қабул қилинган. Бу ерда ҳам хато масъул ходимнинг эътиборсизлиги туфайли содир бўлгани маълум қилинган.

«Ушбу ҳолат ўрганилганда масъул ходимнинг эътиборсизлиги туфайли тайёрланган қарор лойиҳаси кечиктириб электрон дастурга киритилганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатга йўл қўйган масъул ходимга нисбатан йиғилиш баённомасига асосан қонунда белгиланган интизомий жазо чораси қўлланганлигини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид