Ўзбекистон | 19:21 / 05.01.2026
43440
3 дақиқада ўқилади

Бойсундаги кондан нафақат газ, балки нефт ҳам ер юзасига чиқмоқда

Бойсун туманида ер қаъридан қора суюқлик сизиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳалар аҳоли хавотирини уйғотган. Лавҳаларда суюқлик канал ва ариқларга оқиб кетаётганини кўриш мумкин. Энергетика вазирлиги ушбу суюқлик ҳақиқатан ҳам нефт эканини тасдиқлади ва тарқалиш олди олинганини маълум қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вазирликка кўра ҳақиқатан ҳам 2025 йил декабр ойининг сўнгги кунларида «M-25» конида таркибида нефт сақловчи суюқлик ер юзасига чиқиш ҳолати кузатилган. Ҳолат тезкор равишда тегишли идоралар томонидан назоратга олингани айтилмоқда.

Нефт суюқлиги атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олиш мақсадида кон ҳудуди атрофида ҳамда яқиндаги сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилди. Бу чоралар суюқликнинг кенг майдонга ёйилишига йўл қўймасликка қаратилган.

Нефт узлуксиз равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳар бири 5 000 куб метр ҳажмга эга, махсус изоляцияланган иккита шлам ҳовузи мавжуд. Мазкур инфратузилма нефт суюқлигини хавфсиз сақлаш ва келгусида самарали фойдаланиш имконини таъминлаши маълум қилинган.

Нефт суюқлиги намунаси бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Натижалар асосида қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда. Ҳозирги кунда вазият доимий мониторингда ва нефт суюқлиги жиловланган. Дастлабки кунларда чиқиб каналларга оққан суюқликлар тозаланмоқда, дейилади вазирлик муносабатида.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2025 йил ноябр ойида ҳам «M-25» конида геологик жараёнлар кузатилган. 2-3 ноябр кунлари коннинг 202-сон газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган олов вақтинча сўнган эди. Мутахассислар бу ҳолатни кондаги табиий геологик жараёнлар натижаси деб баҳо берган ва тезкор равишда газ яна ёқиб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Бойсун туманида ер остидан газ сизиб чиқиши аҳолини бир ярим йилдан буён безовта қилиб келмоқда. Мутахассислар эса бу ҳолат табиий геологик жараён экани, конни жиловлаш ҳаракатлари олиб борилаётгани билан боғлаб келишади. Бироқ бу турдаги суюқлик чиқиши атроф-муҳит ва маҳаллий аҳоли учун қандай таъсир қилиши, қандай чоралар билан бу муаммо бутунлай бартараф этилиши мумкинлиги ҳали ҳам савол остида қолмоқда.

Мавзуга оид