Спорт | 22:28 / 28.10.2021
38863
3 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича ЖЧда кун якунлари: Ўзбекистон жамоасининг яна бир вакили турнирни эрта тарк этди

Лазизбек Муллажонов эронлик боксчидан устун келиб, кейинги босқичга йўл олди, Асадхўжа Мўйдинхўжаев навбатдаги рақибни мағлуб этди, амалдаги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов америкалик боксчига енгилиб, илк босқичдаёқ мусобақани тарк этди.

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Сербия мезбонлигида ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида 28 октябрь кунги баҳсларда Ўзбекистон жамоасининг уч нафар вакили рингга чиқди. 

Дастлаб -57 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Миразизбек Мирзахалилов америкалик Жамал Ҳарвейга қарши рингга кўтарилди. 

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Биринчи раундда ўзбекистонлик спортчи очколар бўйича ютқазди. Иккинчи раундни у ўз фойдасига ҳал бўлди. Аммо учинчи раундда яна америкалик рақиб устунлик қилди. Якунда 5 ҳакамнинг уч нафари АҚШ вакилини ғолиб деб топди (3:2) ва амалдаги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов бу сафарги чемпионатни илк босқичдаёқ якунлади.

+92 кг вазн тоифаси вакили Лазизбек Муллажонов турнирдаги иштирокини эронлик Амири Пурияга қарши жанг билан бошлади. Дастлабки икки раундда устунликка эришган Муллажонов якунда 4:1 ҳисобида ғолиб бўлди ва кейинги босқичга ўтди.

Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати
Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати

Унинг кейинги босқичдаги рақиби буюк британиялик Деликоус Орие бўлади.

-67 кг вазн тоифасида рингга чиқаётган Асадхўжа Мўйдинхўжаев эса турнирдаги иккинчи жангида, 1/16 финал босқичида фаластинлик тажрибали боксчи, 30 ёшли Аҳмед Ҳарарага қарши жанг қилди. Уч раунд давомида устунлик қилган Мўйдинхўжаев якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва жаҳон чемпионатидаги юришини давом эттирди. У биринчи босқичда ирландиялик рақиб тўсиғидан ўтганди.

Бугунги баҳслардан кейин мусобақани тарк этган ўзбекистонлик боксчилар сони уч нафарга етди. Бундан аввал 26 октябрь куни Ҳасанбой Дўсматов қозоғистонлик рақибига имкониятни бой бериб, ўз иштирокини якунлаганди. 27 октябрь куни Шоҳжаҳон Абдуллаев нокаутга учраб, мусобақани тарк этди.

29 октябрь куни ўзбекистонлик боксчилардан тўрт нафари рингга кўтарилади:

  • -54 кг. Шаҳобиддин Зоиров — Тамир Галанов (Сербия)
  • -60 кг. Абдумалик Ҳалоков — Фабио Росели / Жасин Ляма
  • -71 кг. Шаҳрам Ғиёсов — Фарҳад Муроди (Эрон) / Асланбек Шимбергенов (Қозоғистон)
  • -92 кг. Мадиёр Саидраҳимов — Владислав Смягликов (Беларусь) / Жошуа Васике (Кения).

Мавзуга оид