Спорт | 19:39 / 14.09.2025
21605
3 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон яна 3 та олтин олди

Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Жавоҳир Умматалиев ва Тўрабек Ҳабибуллаев финалда ўз рақибларини мағлуб этди. Ўзбекистон бокс жамоаси умумий рейтингда пешқадамлик қилмоқда. Кечки дастурда яна тўрт финал кутмоқда.

Англиянинг Ливерпул шаҳри мезбонлигида ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги куни Ўзбекистон вакиллари учун ўта муваффақиятли бошланди.

Дастлаб -65 кг вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев олтин медал учун рингга кўтарилди. Ўзбекистон жамоаси етакчиси ҳал қилувчи жангда бразилиялик Юрий Фалкао Дос Рейс устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва жамоа ҳисобига иккинчи олтин медални келтирди.

Мўйдинхўжаев турнир давомида хитойлик Жианхао Жу, финландиялик Исмаил Умар ва қозоғистонлик Эртуған Зейнулинов каби рақибларни мағлуб этганди, яримфиналдаги рақиби гуржистонлик Лаша Гурули эса жароҳат сабабли рингга чиқмади.

Финалда ҳам ғолиб бўлган Асадхўжа Мўйдинхўжаев энди икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Бироз ўтиб, -80 кг вазн тоифасида финалга чиққан Жавоҳир Умматалиев франциялик Йожерлен Сезарни уч раунд якунларига кўра мағлубиятга учратиб (5:0), жаҳон чемпионига айланди.

20 ёшли боксчи финалгача бўлган йўлида полшалик Никодем Козак, жанубий кореялик Ким Минсеонг, қозоғистонлик Нурбек Оралбай ҳамда хорватиялик Габриэл Веочич (ўз вазнида амалдаги чемпион бўлган рақибни нокдаун ҳолатига ҳам туширди) каби рақибларни таслим этганди.

Куннинг учинчи финалида Тўрабек Ҳабибуллаев бразилиялик Исаиас Рибеирога қарши жанг қилди. -90 кг вазн тоифасидаги финал жангида Тўрабек ҳам рақибини очколар бўйича мағлубиятга учратди (5:0) ва Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим этди.

Ҳабибуллаев эса турнирдаги иштироки давомида грециялик Вагкан Нанитзаниан, қозоғистонлик Сағиндик Тоғамбай ҳамда испаниялик Энмануэл Рейс Пла каби рақиблар тўсиғидан ўтиб, финалга чиққанди.

13 сентябр куни ўтказилган эркаклар ўртасидаги дастлабки финалда Фазлиддин Эркинбоев (-75 кг) Болгария вакили Киван Рамини мағлуб этиб, олтин медаллар ҳисобини очиб берганди. Бундан ташқари, 13 сентябр кунги яримфинал жангларида аёллар жамоасидан Cабина Бобоқулова, Феруза Казакова ва Азиза Зокирова навбатдаги рақибларга мағлуб бўлиб, бронза медалларга сазовор бўлишганди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони ҳозирча 7 тани ташкил этмоқда – 4 олтин ва 3 бронза. Жамоа умумий рейтингда биринчи ўринда мустаҳкам жойлашган.

Энг яқин таъқибчилар Қозоғистон (2-1-2) ва Ҳиндистон (2-1-2) жамоалари медаллар сифати бўйича ҳам, сони бўйича ҳам ортда.

Кун давомида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари иштирокида яна 4 та финал жанги бўлиб ўтади:

22:15. -60 кг. Абдумалик Халоков – Луиз Габриэл де Оливейра (Бразилия)

22:30. -65 кг. Навбаҳор Ҳамидова – Аида Абикеева (Қозоғистон)

23:15. -85 кг. Акмалжон Исроилов – Тигн Стотт (Англия)

24:45. +90 кг. Жаҳонгир Зокиров – Ойбек Ўралбой (Қозоғистон).

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид