Ўзбекистон | 14:14 / 29.10.2021
2536
2 дақиқада ўқилади

Гулистон шаҳрида 36 нафар талабага контракт тўловининг 50 фоизи тўлаб берилди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 18-30 ёш тоифасидаги ёшлар сони 16 632 нафарни ташкил этади. Улар ўртасида ўтказилган анкета сўровномасидан сўнг 1178 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги Гулистон шаҳар бўлими бошлиғи Камол Раҳматбоев Kun.uz’га маълум қилди.

Ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, ҳайдовчилик йўналишида ўқув курсларида ўқиган, муддатли ҳарбий хизматга юборилган ва бошқа йўналишларда бандлиги таъминланган ёшлардан 1099 нафари рўйхатдан чиқарилган. Қолган 79 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиб, рўйхатдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ижтимоий аҳволи қийин бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун «Ёшлар жамғармаси» ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида бундай ёшлардан 110 нафарига жами 110 млн сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули ажратилган. Шунингдек, 98 нафар ёшларнинг келажакда бандлигини таъминлаш мақсадида, ҳайдовчилик курсларида ўқитиш учун 195 млн сўм маблағ ажратилган. Оилавий шароити оғир бўлган ёшлардан 22 нафарига сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташлари учун 112 млн сўм маблағ ўтказиб берилган бўлиб, ҳозирда улар ҳарбий хизматни ўтамоқда.

Фото: Kun.uz

Бундан ташқари, касб-ҳунарга эга бўлган, бироқ маблағи йўқлиги туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўя олмаган ёшлардан 89 нафарига субсидия асосида 591 миллион сўмлик зарур асбоб-ускуналар берилган ва уларнинг бандлиги таъминланган. 15 нафар ёшларга 50 сотих майдон ажратилиб, уларга 23 млн сўмлик уруғ ва кўчатлар субсидия асосида берилган. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган, имконияти чекланган 36 нафар ёшлар учун 150 млн сўм маблағ ажратилиб, контракт тўловининг 50 фоизи тўлаб берилди.

Мавзуга оид