Жамият | 09:45
1286
1 дақиқада ўқилади

Гулистон шаҳар ҳокимлиги ходими пора билан ушланди

Сирдарё вилоятида ер ажратиш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган Гулистон шаҳар ҳокимлиги масъул ходими пора олиш вақтида қўлга олинди. У давлат захирасидаги ер майдонини ажратиб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Сирдарё вилояти прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда коррупциявий ҳолатга чек қўйилди.

Маълум бўлишича, Гулистон шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, шаҳарнинг Ўзбекистон шоҳкўчасида жойлашган давлат захирасидаги 2 сотих ер майдонини озиқ-овқат дўкони ташкил этиш учун мансабдор танишлари орқали ажратиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига у фуқародан 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. Дастлаб мазкур маблағ ҳисобидан фуқаронинг Lacetti русумли автомашинасини 12 минг АҚШ долларига баҳолаб, уни бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома асосида расмийлаштириб олган.

Тезкор тадбир давомида ҳокимлик ходими талаб қилинган пул маблағининг яна 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид