Жаҳон | 15:03 / 30.10.2021
41777
3 дақиқада ўқилади

АҚШ миллий разведкаси коронавирус келиб чиқиши тўғрисидаги янги ҳисоботни эълон қилди

Америка махсус хизматларининг ҳисоблашича, коронавируснинг келиб чиқиши сабаби бундан кейин ҳам жумбоқлигича қолади. Разведка ҳамжамиятининг фикрича, Хитой ҳукумати Уҳанда коронавирус юқтириш ҳолатлари қайд этилгунига қадар SARS-CoV-2 мавжудлигидан бехабар бўлган.

Фото: Reuters

АҚШ миллий разведкаси директори офиси (ODNI) разведка ҳамжамиятининг SARS-CoV-2 коронавируси келиб чиқиши тўғрисидаги янги ҳисоботини эълон қилди.

Мамлакатнинг аксарият разведка ташкилотлари (АҚШ разведка ҳамжамияти 17 ташкилотни ўз ичига олади) вирус биологик қурол сифатида ишлаб чиқилмаган ва ген муҳандислиги ёрдамида яратилмаган деб ҳисобламоқда. Аммо иккита ташкилот бундай деб ҳисоблаш учун маълумотлар етарли эмас деган фикрда.

Шу билан бирга, битта ташкилот Covid-19га чалиниш билан боғлиқ илк ҳолатлар лаборатория билан алоқадор, Уҳан вирусология институтидаги тажрибалар ёки зарарланган жониворлар билан мулоқот натижасида келиб чиққан деган хулосани берган.

Разведка ҳамжамиятининг фикрича, Хитой ҳукумати Уҳанда коронавирус юқтириш ҳолатлари қайд этилгунига қадар SARS-CoV-2 мавжудлигидан бехабар бўлган.

Ҳисобот муаллифлари коронавирус келиб чиқиши борасида якдил хулосага кела олмаган. Асосан иккита версия кўриб чиқилмоқда: вируснинг ҳайвондан одамга ўтиши ёки лаборатория билан боғлиқ ҳодиса.

Муаллифлар коронавирус келиб чиқиши борасида узил-кесил хулосага келиш учун Хитой билан ҳамкорлик қилиш лозим деган фикрда. Аммо таъкидланишича, Пекин глобал текширувга тўсқинлик қилишда давом этмоқда ва бошқа мамлакатларни, жумладан, АҚШни айбламоқда.

Хитой расмий версиясига кўра, янги вирус тарқалиши илк бор 2019 йилда Уҳандаги парранда бозоридан бошланган. Айнан шу боис дастлаб мазкур версия асосга эга бўлган ягона версия деб ҳисобланган, вирусни Уҳан институти фаолияти билан боғлаш эса аксарият олимлар томонидан конспирация деб баҳоланганди.

Бироқ шу йил бошида Америка ОАВ вируснинг лабораторияда пайдо бўлганига жиддийроқ қарашга мажбур қилувчи бевосита далилларни топди.

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси разведка ҳамжамиятининг янги ҳисоботини беўхшов ҳазил деб атади.

“АҚШнинг Covid-19 манбасини аниқлаш учун олимларга эмас, разведкага таянишга уриниши – бу мутлақо сиёсий ҳазил. Биз унинг манбасини илмий асосда излаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз ва бу жараёнда фаол қатнашишни давом эттирамиз. Шу билан бирга, бу масалани сиёсийлаштиришга уринишни қатъий рад этамиз”, – дея элчихона баёнотидан иқтибос келтирган Рейтер агентлиги.

Мавзуга оид