Спорт | 14:54 / 30.10.2021
11810
13 дақиқада ўқилади

Сульшер учун сўнгги имконият, «Барса» учун Кумансиз синов, «Рома» мағлубият нималигини билмаётган «Милан»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Ўтган ҳафта барча катта ўйинлар тугади, деб ўйлагандик, йўқ, бу сафар ҳам эътирофга лойиқ тўқнашувлар етарли экан. Римда Италия футболи классикаларидан бири, Испанияда Баскония дербиси, Англияда Сульшернинг охирги имконияти. «Барселона» эса Кумансиз ғалаба қозонишга уриниб кўради. Шу ва бошқа қизиқарли ўйинлар анонси билан танишинг.

АПЛ. 10-тур

30 октябрь (шанба)

ЛЕСТЕР – АРСЕНАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 16:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Мавсумни кутилганидан ёмон бошлаган ҳар икки жамоа вазиятни қисман ўнглаб олишди ва ҳозирда кучли тўртликдан атиги уч очко масофада жойлашишган. «Лестер» учун «МЮ» устидан қозонилган ғалаба қандайдир бурилиш нуқтаси бўлиб, кейин «Брентфорд»га қарши ҳам осон бўлмаган уч очкони қўлга киритишган бўлса, «Арсенал» ўтган турда «Астон Вилла» устидан ишончли ғалабага эришди. Умуман лондонликларнинг барча мусобақалардаги мағлубиятсиз серияси 8 ўйинга етди. «Манчестер Сити»дан қабул қилинган 0:5 ҳисобидаги мағлубият «Арсенал» учун охиргиси бўлиб турибди.

Фото: Getty Images / Global Images

Мезбонлар таркибида жароҳатлар кўп. Ндиди, Олбрайтон, Фофана, Менди, Жастин каби футболчиларнинг таркибдан узоқда бўлишларига ўрганиб қолган бўлсак, Айозе Переснинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди. «Арсенал» сафида мана шундай яхши спорт формасида эмаслиги тахмин қилинаётган футболчи – Мартин Эдегор. Гранит Жака эса маълумки, узоқ муддатга сафдан чиққан.

Ўтган мавсумда жамоалар ўртасидаги ҳар икки ўйинда меҳмон жамоа ғалаба қозонган. Жамоалар ўтган йилги Англия Лига кубоги баҳсида ҳам тўқнаш келишганди ва лондонликлар 2:0 ҳисобида сафарда ғалаба қозониб, «Лестер»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Ундан олдинги уч ўйинда «Лестер» ўз майдонида бу рақиби устидан ғолиб чиққан.

АПЛ. 10-тур

30 октябрь (шанба)

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Бутун футбол олами бир ҳафта давомида Сульшер ва «Манчестер Юнайтед»ни гапирди, десак муболаға бўлмайди. Гоҳ Погба Сульшерни ҳақорат қилган бўлади, кейин чиқиб ёнини олади. Гоҳ Роналду Зиданни чақиради, орқасидан жамоадошларидан Олени қўллаб-қувватлашга чақиради. Жамоа етакчилари гўё мураббийнинг ғояларига ишонмай қўйишган ва айни пайтда унинг жамоада қолишини исташмоқда. Мана шундай бир-бирига зид бўлган хабарлар ичида ҳақиқатни топиш мушкул. Барчасига «Тоттенҳэм»га қарши ўйин жавоб беради. Жамоада ҳаммаси ёмон ёки ҳаммаси яхши бўлиши мумкин, аммо Сульшернинг тақдирини айнан майдонда қўлга киритиладиган натижа ҳал қилишига шубҳа йўқ.

«Мен клубдаги ўн саккиз йиллик фаолиятимни мана шу алфозда якунлашни истамайман, худди «Юнайтед» сингари мен ҳам охиригача курашаман», – деди матбуот анжуманида норвегиялик мутахассис. Клуб ижобий йўлга тушиб олиш учун имкониятга эга. Асосийси, Рафаэль Варан жамоа билан шуғуллана бошлади ва Лондонга келди. Катта эҳтимол билан у майдонга тушиши мумкин. «МЮ»га ёрдам бера олмайдиган футболчи эса ўтган ўйинда қизил карточка олган Поль Погбадир. Франциялик футболчи уч ўйинга дисквалификация қилинди. Шунингдек, Антони Марсиялда ҳам кичик жароҳат бор.

«Тоттенҳэм» ҳафта ўртасида «Бёрнли»ни мағлуб этиб, Лига кубоги чорак финалига чиққан бўлса-да, аввалги ўйинлар натижалари у қадар ижобий эмас. Хусусан «Вест Ҳэм»га қарши Лондон дербисида «Тоттенҳэм» мағлубиятга учради ва кучли тўртликка кириб олиш имкониятини қўлдан бой берди.

Фото: Gorajuara/Man Utd Core

Бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ҳақида гап кетганда, айниқса ўтган мавсумда «Тоттенҳэм»нинг «Олд Траффорд»да 6:1 ҳисобидаги ғалабаси эсга тушади. Аммо айнан Лондондаги ўйинларни эътиборга олсак, охирги уч ўйинда мезбонлар ғалаба қозона олишмаяпти. Икки марта меҳмонлар ғалаба қозонишган ва бир ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган.

А Серия. 11-тур

30 октябрь (шанба)

АТАЛАНТА – ЛАЦИО

Ўйин бошланиш вақти: 18:00

ТВ-трансляция: SportTV

«Наполи» ва «Милан» рақобатчиларидан етарли масофада ўзиб кетгач, уларга фақат «Интер» ва балким, потенциал жиҳатидан «Ювентус» қаршилик кўрсатиши мумкин. «Аталанта» ва «Лацио» эса чемпионлик пойгасига қўшилиш даражасида барқарор эмаслар. Ҳар икки клуб А Сериядаги 10 ўйиндан ярмида ғалаба қозона олмагани ҳам шундан далолат беради. Аммо ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда аҳамият касб этадиган тўқнашув бўлади.

«Аталанта»нинг муваффақиятсиз натижаларига кўпроқ таркибдаги муаммоларни сабаб қилиб келтириш мумкин. Айниқса, ҳимоя чизиғидаги асосий футболчилар анчадан бери таркибдан четда – Хатебур, Госенс, Гамсити каби футболчилар Гасперини тизимида жуда муҳим мурватлар эди. Бунинг устига яна бир марказий ҳимоячи Хосе Паломино «Сампдория»га қарши ўйинда навбатдаги сариқ карточкани олди ва ушбу ўйинга дисквалификация қилинди.

«Лацио»нинг беқарор ўйинларини эса тушуниш қийин. Балки, янги мураббийнинг ғоялари тўлиқ ўрнашиб улгурмаганидан бўлиши мумкин. «Лацио» «Интер» ва «Рома»га қарши ўйинларда ажойиб ғалабаларга эришди, лекин «Болонья» ва «Верона»дан йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Римликлар қийин тақвим олдида туришибди, кейинги турларда «Ювентус» ва «Наполи»га қарши кетма-кет ўйинлар бор. Турнир жадвали юқори қисмида қолиш учун айни синов вақти.

«Аталанта» уч кун ўтиб, Европа Чемпионлар Лигасида ҳам ўта муҳим ўйинда майдонга тушади. Агар «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда қониқарсиз натижа қайд этилса, «Аталанта» гуруҳда учинчи ўринга тушиб кетиши мумкин. Кутилаётган бу ўйин ҳам «Лацио»га қарши учрашувга бўлган муносабатда ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Ла Лига. 12-тур

30 октябрь (шанба)

БАРСЕЛОНА – АЛАВЕС

Ўйин бошланиш вақти: 23:55

ТВ-трансляция: FutbolTV

«Алавес»нинг «Камп Ноу»га сафари, балки, у қадар қизиқарли туюлмаслиги мумкин, аммо бош мураббий истеъфога чиққанда, «Барселона»нинг ҳар қандай рақибга қарши ўйини мухлислар эътиборида бўлиши табиий. «Райо»даги мағлубиятдан сўнг раҳбариятнинг сабри тугади ва Роналд Куман истеъфога чиқарилди. Хабарларга қараганда, Хавининг бошқарувни қўлга олиши фақат вақт масаласи. Араблар ноябрь ойи бошларигача мураббийни жамоада қолишини сўрашганидан келиб чиқсак, катта эҳтимол билан Хавини биз «Барселона» мураббийи сифатида терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин кўрамиз. Унгача эса йил бошидан «Барселона Б» жамоасини бошқариб келган Сержи Баржуан каталонияликларни бошқариб туради.

Ҳаммаси йўлга тушади, лекин очколарни ҳам унутмаслик керак. «Барселона» ўтган турдаги мағлубиятдан сўнг пешқадамлар гуруҳидан ортда қолиб кетди ва йўқотилган очколар бўйича, 6-7 очко масофа билан 9-ўринда жойлашган. Бу ўйинда ҳам агар очко йўқотилса, каталонияликлар турнир жадвалининг иккинчи ярмига тушиб кетиши мумкин. Бундай вазият «Барселона»да охирги марта 2004 йилларда Франк Райкаард бош мураббий этиб тайинланишидан олдин юзага келганди. Уёғи қандай давом этганини яхши биламиз.

«Алавес» – турнир аутсайдерларидан бири, аммо икки сабаб уларга эхтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини англатади. Биринчидан, жамоа сўнгги икки ўйинда ғалаба қозонди ва ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормай, 20-ўриндан 16-ўринга кўтарилиб олди. Иккинчидан, «Алавес»нинг ундан олдинги ғалабаси «Атлетико»га қарши ўйинда тўғри келади. Яъни жамоа кучли клубларга қарши ҳам қандай ўйнашни билади.

А Серия. 11-тур

31 октябрь (якшанба)

РОМА – МИЛАН

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: SportTV

«Милан» ўтган мавсум бошларида ҳам ишонч билан етакчилик қилган, аммо бу худди вақтинча бўлаётгандек тасаввур пайдо қилгани сир эмас. Чунки «Ювентус»нинг ўн йиллик сериясига айнан шу «Милан» чек қўйишига ишониш қийин, бунинг устига Контенинг анча барқарор «Интер»и бор эди. Бугунги А Серия бироз беқарор кўринмоқда ва ҳатто пешқадам «Наполи»га ҳам ишониш қийин. «Интер» ҳимояда ишончли эмас, «Ювентус»нинг инқирози эса энди ҳайрон қолдирмаяпти. Бундай ҳолат албатта «Милан»га қўшимча ишонч тақдим этиши шубҳасиз. Навбатдаги имтиҳон эса Жозе Моуриньонинг «Рома»сига қарши ўйин.

Фото: TIZIANA FABI / AFP

«Рома» мавсумни кетма-кет ғалабалар билан бошлаган бўлса-да, сўнгги ўйинларда ишончли кўринмаяпти. Норвегиядаги мағлубиятни «Наполи»га қарши кучли ўйин унуттирганди, лекин Кальяридаги баҳс яна муаммоларни кўрсатиб қўйди. Бу ўйинда римликлар уч очкони қўлга киритган бўлсалар-да, ҳисобда ортда боришди, фақат ўйин охирларида иродали ғалабага эришишди. Элдор Шомуродов эса ҳатто мана шундай вазиятларда ҳам майдонга туширилмаяпти.

Сўнгги йиллардаги ўзаро ўйинларга эътибор қаратадиган бўлсак, тенгликни кўришимиз мумкин. «Рома» охирги 22 ўйиннинг 8тасида ғалаба қозонган, «Милан» эса 7та. Ўтган мавсумда Римдаги ўйинда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Миландаги тўқнашув эса кўпчиликнинг ёдида бор – анча шиддатли кечган бу ўйинда 3:3 ҳисоби қайд этилганди.

Ла Лига. 12-тур

31 октябрь (якшанба)

РЕАЛ СОСЬЕДАД – АТЛЕТИК

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Ҳар бир оила ўзгача бахтсиз, лекин бахтли оилалар ўхшаш» дейишганидек, Ла Лига етакчиларининг турли сабабларга кўра, беқарор натижалари бизга янги пешқадамни тақдим этди. Ва «Сосьедад»нинг ўйинига чуқурроқ назар ташлаганимизда, бу «бахт»нинг сабабларини кўрамиз. Масалан, жамоанинг мағлубиятсиз серияси 10 учрашувга етди. Мана шу 10 ўйиндан 7 тасида жамоа ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олди. Ҳатто «Атлетико» ҳам ўз майдонида ўйнаганига қарамасдан, фақат иккинчи бўлимдаги камбэк ҳисобига дурангга (2:2) эришди.

«Атлетик» эса бундай паллада жуда қизиқарли рақиб. Гап фақат учрашувнинг Баскония дербиси эканида ҳам эмас, умуман бильбаоликлар ҳам мавсумни ўзига хос равишда кучли бошлашди. Шу маънодаки, «Атлетик» ўз дарвозасидан атиги 6 гол қўйиб юборган холос ва бу кўрсаткич бўйича лигада энг яхши натижага эга бўлиб турибди. Тўғри, гол уриш бўйича муаммолар бор – атиги 10та ва фақат аутсайдерлардан яхшироқ, холос. Аммо жамоа 10 учрашувдан атиги бир маротаба мағлубиятга учраган ва бир ғалаба билан ҳатто 5-ўринга ҳам кўтарилиб олиши мумкин. Йўқотилган очколар бўйича бильбаоликлар пешқадам – «Сосьедад»дан атиги 4 очко ортда холос.

Сўнгги 4 дербида уч маротаба «Сосьедад»нинг қўли баланд келган. Аммо охиргисида, айнан Сан-Себастиянда ўтган учрашувда дуранг қайд этилганди. Фақат 89-дақиқадагина урилган Роберто Лопеснинг голи мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

30 октябрь. БАЙЕР – Вольфсбург (18:30), БОРУССИЯ Д – Кёльн (18:30), Юнион – БАВАРИЯ (18:30), ЛИВЕРПУЛЬ – Брайтон (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Кристал Пэлас (19:00), Ньюкасл – ЧЕЛСИ (19:00), СЕВИЛЬЯ – Осасуна (19:15), Верона – ЮВЕНТУС (21:00), Айнтрахт – ЛЕЙПЦИГ (21:30)

31 октябрь. ИНТЕР – Удинезе (16:30), АТЛЕТИКО – Бетис (20:15), Салернитана – НАПОЛИ (22:00).

Мавзуга оид