Ўзбекистон | 09:00 / 30.10.2021
7079
2 дақиқада ўқилади

Табиатга зарар етказган шахслардан 16,3 млрд сўм ундириб олинди - Экология қўмитаси 

Ўтган 9 ой мобайнида экология соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 34 275 нафар шахс аниқланди. 32 млрд сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарарлар ҳисобланиб, 16,3 млрд сўм ундириб олинди. 

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

АОКАда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилишича, 1 365 та ҳолат бўйича 15 млрд сўм жарима ва табиатга етказилган зарарларни ундириш юзасидан тайёрланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилди. 12 та ҳолат бўйича 1,6 млрд сўмлик даъволар юзасидан қонунбузарлик содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича иш қўзғатилган.

Ҳуқуқбузарлардан 376 дона ҳайвон ва парранда, 1 900 килограмм балиқ, 49 637 килограмм доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар, 1520 метр куб ўтин, 45 та ов қурол ва 570 та аслаҳа ва бошқа инвентарлар олиб қўйилган.

Инспекция томонидан 23 та идоравий хизмат текширувлари ўтказилиб, натижаси бўйича аниқланган камчиликлар ва ходимларга чора кўриш юзасидан тегишли таклифлар киритилди ва ижрога қаратилган.

Жумладан, Бош прокуратура, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (омбудсман) тақдимномалари, фуқаролар мурожаатлари ҳамда бошқа асосларга мувофиқ Сурхондарё, Жиззах, Навоий, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар бошқармаларида хизмат текшируви ўтказилган.

Давлат инспекторлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари 2020 йилнинг мос даврига нисбатан Қорақалпоғистон Республикасида 114 фоизга, Бухоро вилоятида 112 фоизга, Қашқадарё вилоятида 108 фоизга, Андижон вилоятида 104 фоизга, Хоразм вилоятида 70 фоизга, Тошкент вилоятида 74 фоизга, Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳрида 80 фоизга ўсиш кузатилган.

Республика бўйича 1 та инспектор учун аниқланган қонунбузилиш ҳолати 25 тани, белгиланган жарима 14,5 млн сўмни, ҳисобланган зарар 9,4 млн сўмни ташкил этди.

“Хавфни таҳлил қилиш низоми”га асосан корхоналар фаолиятини таҳлил қилиш, соҳага оид қонун талабларини бузиб фаолият юритаётган корхоналарда ваколатли орган билан келишилган тартибда жами 221 та текшириш ўтказилди.

Мавзуга оид