Жамият | 10:45
486
2 дақиқада ўқилади

Муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун жарималар оширилиши мумкин

Ўзбекистонда яроқлилик муддати ўтган ёки белгиланган тартибда ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида аҳоли саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ҳужжат билан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 178-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳага кўра, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши мажбурий бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ушбу маълумотларсиз реализация қилиш ёки сотиш мақсадида қабул қилганлик учун белгиланган жарималар миқдори оширилади.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорларда маҳсулотлар сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблиги ва амалий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, айрим нормалар юзасидан қонун ташаббускорларига саволлар берди. Шунингдек, ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.

Баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид