“Руҳий саломатлик” тушунчаси омма орасига секин-аста кириб боряпти, чунки руҳий муаммолар бизни тобора кўпроқ безовта қиляпти: тушкунлик, стресс, хавотир. Вақтида мутахассисга мурожаат қилиш эса бизда одатга кирмаган – муаммолардан ўзимизни қаерга қўйишни билмай қолган чоғимиздагина бу эсимизга тушади ёки... тушмайди. Аслида эса саломатликка путур етмасдан туриб саломатликни сақлаш керак. Бу жисмоний саломатликка ҳам, руҳий саломатликка ҳам тегишли.
"Руҳий саломатлик" лойиҳаси асосчиси, тиббиёт фанлари доктори Гавҳар Тешабоева шу борадаги саволларга жавоб берди.
“Руҳ саломат бўлгандагина инсон ўзини тўлақонли саломат ҳис қилиши ва тўлақонли ижтимоий фаол бўлиши мумкин. Демак, саломатлик деганда фақат жисмоний эмас, руҳий томондан ҳам ўзимизни яхши ҳис қилишимиз керак. Шундагина ўз фаолиятимизни яхши олиб боришимиз, "мен"имизни бир маромда сақлаб туришимиз, хулқ-атворимизни атрофда бўлаётган воқеаларга қарамасдан яхши тутишимиз мумкин бўлади.
“Инсон руҳи нима” деганда биз мусулмонлар Қуръони каримда келган "Руҳ Роббимнинг ишидир. У ҳақида сизларга жудаям оз билим берилгандир" деган маъно билан чекланамиз. Бироқ руҳият – ўрганиш манбаси.
Бу мавзуда Ғарб ва Шарқ олимларининг фикрлари бироз бир-биридан фарқланади. Яъни биз бугунги кунгача ўрганиб келган психология, психотерапия фанларида руҳий саломатликни ўрганувчи фанларда кўпроқ инсон интеллекти, ақли, хотираси ва ҳоказоларга қараб инсон таърифланган. 1970 йилдан бошлаб мусулмон мутахассислари уриниши билан инсоннинг руҳий ҳолати деганда унинг қалби, қалбининг Аллоҳ таоло билан боғланиши, яъни тавҳид ҳақида ҳам сўз очиладиган бўлди. Инсонни асл фитратига қайтариш бугунги кундаги исломий психологиянинг асосий ўрганиш мавзуси ва амалиёти.
Аҳамият берадиган бўлсак, Ғарб тафаккури маҳсули бўлмиш шахсни ривожлантириш курслари лидерлик ёки инсоннинг моддий жиҳатини юксалтирадиган томонларини “кўради”. Ҳозир шахсни ривожлантириш деганда айнан шуларни тушуняпмиз. Бу ерда моддият кўпроқ. Афсуски, охирги пайтларда соҳада инсон руҳиятининг маънавиятига доир атамалар қўлланмай қолган. Янги йўналишга эҳтиёж туғилди. Мусулмонлар учун алоҳида, ислом принципларига, ислом анъаналарига асосланган руҳий саломатлик тушунчаси долзарб бўлиб қолди.
Инсоннинг руҳий муаммоларини ҳал қилишда, шахсини ривожлантиришда бугунги кунда мусулмон психолог олимлари соҳага нафс тушунчасини ҳам киритишган. Руҳий муаммолар инсон ўз нафси билан курашсагина ечим топади, деган ҳақиқатни илмийлаштиришимиз керак.















