Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нефт заводларининг махсус истеъмолчиларга сотиладиган дизел учун чегирмаси бекор қилинади
“Президентнинг “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Президентнинг “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2020 йил 1 майдан бошлаб:
бюджет ташкилотлари, пахта хомашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Тошшаҳартрансхизмат”, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича давлат корхоналарига (махсус истеъмолчилар) дизель ёнилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёнилғиси) ўтган чоракдаги биржа савдолари натижаларига кўра шаклланган ўртача биржа нархлари бўйича тўғридан тўғри шартномалар асосида;
уларга нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть маҳсулотларини биржа савдолари орқали харид қилиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда сотиш ҳамда нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан “Ўзбекнефтгаз” нефть базаларининг буюртманомаларига кўра махсус истеъмолчиларга сотилган дизель ёнилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёнилғиси) ҳажми учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан белгиланадиган чегирмани тақдим этиш тартиби белгиланган.
Янги қарор лойиҳасида юқорида кўрсатилган тартибнинг бекор қилиниши кўзда тутилган.
Билдирилишича, 2020 йилнинг май ойидан бошлаб 2021 йилнинг май ойига қадар (1 йил) “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги нефть базалари томонидан махсус истеъмолчиларга ўртача котировкаларда 179,8 минг тонна ЭКО русумли дизель ёнилғиси, шундан 17,9 минг тонна ёки 9,9 фоизи бюджет ташкилотларига, 6,1 минг тонна ёки 3,4 фоизи “Тошшаҳартрансхизмат”га, 2,6 минг тонна ёки 1,4 фоизи маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича давлат корхоналарига, 153,2 минг тонна ёки 85,2 фоизи пахта хомашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналарга етказиб берилган.
Шу билан бирга, президент қарорига мувофиқ 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёси харид нархини белгилаш амалиётидан бекор қилинган ҳамда республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси учун биржада бошланғич нарх шаклланишида амалда қўлланилаётган 10 фоиз миқдоридаги чегирма бекор қилинган.
Бундан ташқари, президент қарорига мувофиқ 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади ҳамда давлат хариди тўлиқ бекор қилинади.
Етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши белгиланган.
Ҳужжатда айтилишича, бугунги кунда давлат буюртмаси асосида пахта хомашёси ва ғалла маҳсулотини харид қилиш, бунда харид учун бозор нархларидан паст нархларни белгилаш амалиёти бекор қилинганини инобатга олган ҳолда, дизель ёнилғисини (жумладан ЭКО маркали) ўртача котировкаларда етказиб бериш ўз аҳамиятини йўқотмоқда.
“Бундан ташқари, ҳозирги кунда пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида фаолият юритаётган кластерлар ва бошқа ташкилотларнинг биржа орқали ёки импорт ҳисобига зарур бўлган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқаларни биржа орқали тўғридан тўғри ишлаб чиқарувчилардан ёки импорт орқали харид қилиш имкониятлари мавжуд.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сон қарори 8-бандининг тўртинчи ва бешинчи хатбошилари чиқариб ташланиши мақсадга мувофиқ”, дейилган қарор лойиҳасида.