Жаҳон | 09:45
1071
2 дақиқада ўқилади

Швейцариядаги музокаралардан сўнг Эрон нефти учун йўл очилди

АҚШ Молия вазирлиги Эрон нефти, нефт маҳсулотлари ва нефт-кимё маҳсулотлари билан боғлиқ операцияларга нисбатан 60 кунлик вақтинчалик рухсатнома берди. Қарор Вашингтон ва Теҳрон ўртасида Швейцарияда ўтказилган музокаралардан сўнг қабул қилинди.

Фото: REUTERS

АҚШ молия вазири Скотт Бессент маълум қилишича, мамлакатнинг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) томонидан берилган умумий лицензия 2026 йил 21 августгача амал қилади. Ҳужжатга мувофиқ, Эрон нефтини қазиб олиш, етказиб бериш, сотиш ва тушириш билан боғлиқ операцияларга, шунингдек нефт-кимё маҳсулотлари савдосига рухсат берилган.

Лицензия доирасида Эрон нефти ва нефт маҳсулотларини АҚШга импорт қилиш ҳам мумкин бўлади. Шунингдек, мазкур операцияларда АҚШ санкциялари остида бўлган айрим кемалар иштирок этишига ҳам рухсат берилган.

Ҳужжатга кўра, Эрон нефти ва нефт маҳсулотлари учун тўловлар АҚШ долларида амалга оширилиши мумкин. Бу тўловлар бевосита Эрон ҳукумати ёки санкциялар рўйхатидаги бошқа шахслар фойдасига ҳам ўтказилишига рухсат этилган.

Бироқ лицензия Шимолий Корея, Куба ҳамда Россия томонидан қўшиб олинган Украина ҳудудлари билан боғлиқ операцияларга татбиқ этилмайди. Шунингдек, у Эронга нисбатан амалда бўлган бошқа санкциялар ва чекловларни бекор қилмайди.

Скотт Бессентнинг таъкидлашича, мазкур қарор Швейцариядаги музокаралар давомида эришилган келишувларнинг бир қисми ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали эркин ва хавфсиз кема қатновини таъминлаш ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги инспекторларини мамлакатга киритиш мажбуриятини олган.

Бироқ музокараларда воситачилик қилган Қатар ва Покистон томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда агентлик инспекторларининг қайтиши ёки Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича Эроннинг мажбуриятлари ҳақида тўғридан тўғри маълумот берилмаган.

Кузатувчиларнинг фикрича, АҚШнинг мазкур қарори Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатларни юмшатиш ҳамда халқаро нефт бозорида барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид