Жаҳон | 09:48 / 02.11.2021
10285
2 дақиқада ўқилади

АҚШ атом сувости кемаси Тинч океанида сувости тоғи билан тўқнашиб кетгани маълум қилинди

АҚШнинг USS Connecticut атом сувости кемаси октябр бошида Жанубий Хитой денгизида харитада белгиланмаган сувости тоғи билан тўқнашиб кетган. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари институти (USNI) янгиликлар портали маълум қилди.

Фото: Reuters

Воқеанинг тергови ўтган ҳафта якунланган. Унинг давомида сувости кемаси сувости тоғи билан тўқнашиб кетгани аниқланган. Тергов натижалари АҚШнинг 7-флоти қўмондони вице-адмирал Карл Томасга берилган. У воқеа юзасидан бирор чора кўриш-кўрмаслик борасида қарор қабул қилади.

USNIнинг хабар беришича, тўқнашув оқибатида сувости кемасининг балласт цистерналарига шикаст етган. Зарба кеманинг тумшуқ қисмига тўғри келган. Унинг ядро куч қурилмасига зарар етмаган.

Connecticut октябр бошида Жанубий Хитой денгизида номаълум объект билан тўқнашиб кетгани маълум қилинган. Ўшанда сувости кемаси айнан қандай объект билан тўқнашгани маълум қилинмаган. Воқеа оқибатида 11 денгизчи лат ейиш ва кесилган жароҳатлар олган. Бироқ сувости кемасидан ҳеч кимни эвакуация қилишга зарурат бўлмаган.

Ўз навбатида, Хитой ушбу воқеа юзасидан хавотир билдирган. Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Чжао Лицзян АҚШ Хитойга фалокат тафсилотларини, жумладан у қаерда юз бергани, сувости кемаси нимани мақсад қилгани ва воқеа оқибатида атроф-муҳитга зарар етгани-етмаганини маълум қилиши кераклигини айтган.

Мавзуга оид