Ўзбекистон | 10:58 / 02.11.2021
8178
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар 156 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасини фош этди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона пости ходимлари томонидан йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаларини мамлакатга олиб киришга бўлган уриниш фош этилди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Божхоначилар ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳамкорликда  божхона постига кириб келган фуқаро Б.У. бошқарувидаги “DAF” русумли автомашинани ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишади. Ҳужжатларга кўра, узум ортилган автомашина республика ҳудудидан транзит тарзида ўтиб, Россияга етиб бориши керак бўлган.

Божхоначилар инспекцион кўрик мажмуаси орқали автомашинани кўздан кечирар экан, автомашина чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилиши кераклиги тўғрисида хулосага келган.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шубҳа остига олинган юк автотранспорт воситаси тезкор тузилмаларнинг махсус кузатуви остида, “Янгийўл” божхона постида ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Транспортга ортилган узумлар туширилгач, тиркаманинг пол қисми очиб кўрилди. Полда яширин бўлмалар ҳосил қилиниб, улар орасига эса яшил рангли елим идишлар полиуретан кўпик кўмагида зичлаб жойлаштирилгани аниқланди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Жойлаштирилган 141 дона елим идишларда, идиши билан ҳисоблаганда жами 156 кг.га яқин гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди. Идишлардаги гиёҳвандлик воситаларининг ҳидини хизмат итлари пайқамаслиги учун идиш қопқоғи махсус смола - қатрон кўмагида ишлов берилганлиги маълум бўлди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 149,76 кг гашиш, 4,44 кг опий ва 1,52 кг героин гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид