Ўзбекистон | 13:21 / 02.11.2021
2059
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда маст ҳолда машина олиб қочган фуқаро ЙТҲ содир этди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Жиззах шаҳрида маст ҳолатда машина олиб қочган фуқаро йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 1 ноябр куни соат 3:00 ларда Жиззах шаҳри Қассоблик маҳалласида яшовчи 2003 йилда туғилган фуқаро маст ҳолда машина олиб қочган.

У ўз маҳалласи ҳудудида турган Lacetti машинасининг олд ён ойнасини синдириб уни очган. Сўнг маст ҳолда машинани бошқариб Жиззах шаҳри Шароф Рашидов кўчаси, Қалия маҳалласи ҳудудида уни йўлни ажратувчи бетон тўсиққа бориб урган.

Дастлабки суриштирувда, олиб қочилган Lacetti машинаси Бахмал тумани Тонготар маҳалласида яшовчи фуқарога тегишли экани аниқланган.

Қайд этилишича, фуқаро Қалия маҳалласида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган жойида ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган. Ўша пайтда машина салонида яна икки нафар йўловчи бўлган. Ҳозирда уларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда.

Ҳолат юзасидан ҳозирда Жиззах шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид