Журналист Отабек Тиллаев ўзбек китобхонлари орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мазкур асар моҳиятини ўзига хос ёндашув билан очиб беради.

«Ажойиб» таърифига арзийдиган асар

Бундан бир неча йиллар муқаддам хорижга йўл олаётган пайтим ўзим учун энг қадрли бўлган баъзи ўзбекча китобларни ҳам бирга олишга қарор қилдим. Багаж килоси чекланган, табиийки, ҳамма нарсани олиш имконсиз. Шунинг учун ҳам ўша пайт қийин бир танлов қаршисида қолгандим – шахсий кутубхонамдаги ўзим учун энг қадрли ва энг яхши деб билган китобларимни саралаб олишимга тўғри келган ва шу тариқа юк халтамдан ўнтача асар ўрин эгаллаганди.

Бугун ана шу китоблардан бири – дунёнинг қайси бир нуқтасида бўлишимдан қатъи назар, китоб жавонимни ҳамиша безаб турувчи, мени оҳанрабодай ўзига тортиб, қайта-қайта ўқишга ундайдиган ажойиб бир асар ҳақида сўз очмоқчиман. Тўғри, биз баъзи нарсаларни таърифлар эканмиз, «ажойиб» сўзини ишлатишни яхши кўрамиз. Аммо ишонингки, бу китоб «ажойиб» деган таърифга чиндан ҳам арзийди.

Утопиями ёки реалистик роман?

«1984» романи – асл исм-шарифи Эрик Артур Блэр бўлган инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллнинг келажак ҳақидаги даҳшатли сценарийсидир. Романда индивидуаллик ва инсон ҳуқуқлари бутунлай вайрон қилинган, онг назорат остига олинган, одамлар эса механизациялашган бир массага айланган тоталитар дунё тартиби ҳайратланарли даражадаги тасаввур кучи билан ҳатто энг нозик деталларигача тасвирланади. Асар гарчи утопик характерга эга бўлса-да, баъзи танқидчи ва ёзувчилар томонидан реалистик асар сифатида баҳоланади.

Ҳа, сюжети фарқли бўлиши мумкин, хаёлий тасаввурлар асосига қурилган бўлиши мумкин, аммо дастлабки 20-30 саҳифадан сўнг хоҳланг дунёга, хоҳланг мамлакатингизга, хоҳланг яшаётган шаҳрингизга, хоҳланг оилангизга, хоҳланг жамиятнинг энг кичик ҳужайраларига боқинг – сиз дуч келадиган манзара Жорж Оруэллнинг «1984» асарида тасвирланган манзарадир. Хоҳланг, телевизорни ёқинг; хоҳланг, радионинг қулоғини буранг; хоҳланг, газеталарга кўз югуртиринг, хоҳланг, интернетга киринг – яна ўша манзара қаршингиздан чиқиб келаверади.

Отабек Тиллаев

Асар номи нега «1984»?

Бу саволга жавоб беришдан аввал ушбу китоб ёзилган давр ва Жорж Оруэлл бошдан кечирган воқеаларга бироз тўхталиб ўтсак. Ёзувчи бу китобни 1947 йил ёза бошлайди. Таъкидлаш жоизки, бу давр Оруэлл ҳаётининг энг оғир дамлари эди – хотини ўлган, ўзи эса оғир хасталикка чалинган дамлар. Ичини ёлғизлик кемиради. Ўгай ўғли билан Шотландияда яшайди. Аёли вафот этгач, сил касаллигига чалинади ва шифохонага ётишга мажбур бўлади. Азобли кунларнинг эса кети узилмайди. У ҳаёт-мамот жангига киришади. Бироз аҳволи яхшилангач, шифохонадан чиқади ва шоҳ асарини ёзишга киришади. Кейин яна аҳволи оғирлашиб, шифохонага ётқизилади. Шифохонада ҳам қўлидан қаламини қўймайди.