Фируз Аллаев, тадбиркор, Asaxiy.uz интернет дўкони асосчиси, «Allaev Uz» блоги муаллифи:

– Бу йил 50дан ортиқ китобни ўқиб тугатдим. Улар орасида қуйидагиларни ажратиб кўрсатган бўлардим:

«Бахт етказиш», Тони Шей. Миллиард долларлик интернет-дўкон тарихи. (5-марта ўқишим)

XXI асрнинг энг кучли топ менежерларидан бири, тадбиркор Тони Шей китобда бизнес яратиш, уни бошқариш, жамоа шакллантириш, хизмат сифатини яхшилаш бўйича бебаҳо маслаҳатлар беради. Тадбиркор одам қўлига бир дона китоб тутқаз ва у шу заҳоти бизнесини ўзгартира бошласин дейишса, шу китобни берган бўлардим.

«Ибтидо», Ден Браун

Ден Браун ўзининг янги романида сизни гўзал Испанияга саёҳат қилдиради. У ҳар доимгидек сизни бутун китоб давомида босим остида ушлайди, кейинги бетда нима бўларкан деб 700 бетлик китобни 2–3 кунда ўқишингиз мумкин. Китобнинг ёққан томони – жуда кўплаб илмий ва тарихий маълумотларга бойитилган, XXI аср учун муҳим фалсафий саволлар берилган.

«Жавдарзордаги халоскор», Жером Селинжер

Жаҳон адабиёти тарихидаги энг машҳур асарлардан бири бўлган роман ниҳоят ўзбек тилида чиқди. Инсоннинг дунёқараши, ички кечинмалари, уларнинг қайсидир воқелик орқали ўзгариши ҳақида жуда жиддий саволлар қўйган китоб.

Фото: Asaxiy.uz

«Сармоядор», Теодор Драйзер

Китоб воқеалари капитализм, морал ҳақида кўплаб саволларни қўяди.

«Фаренгейт бўйича 451 даража», Рей Бредбери

Aнтиутопия жанрида Оруеллнинг «1984» китобидан кам машҳур бўлмаган роман сизни яшаётган дунёмизга нисбатан турли хил саволларни беришга мажбур қилади. Дунёқарашда ўзгаришларга сабаб бўладиган китоб.

«Бу йил ўзим учун тушунарли бўлмаган сабабдан бадиий китоб жуда кам ўқидим: одатда бадиий асарларга алоҳида вақт ажратардим, илмий ва илмий-оммабоп китобларни эса ишим, илмий фаолиятим доирасида кўриб чиқаверардим. Аммо бу йилнинг ўзи ғалати бўлди, одамларнинг тартибини, одатларини бузиб юборди. Мен ҳам бироз тартибдан чиққаним, одатларимни бузганим ғалати йил учун табиий ҳолат бўлса керак»