2021 йилнинг 9 ойида камида 1682 киши автоҳалокат натижасида ҳалок бўлди. Бу – дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган урушлардаги қурбонлардан-да кўпроқ.

Эҳтимолий қуролли агрессордан ҳимояланиш учун миллиардлаб маблағ сарфлаймиз, кўплаб умрларга зомин бўлаётган хавфли йўлларимизга кераклича эътибор беряпмизми?

Дунёда

Аввало дунёдаги вазият ҳақида бироз. Бир йилда дунёда ўртача 1,35 млн киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади, 20-50 млн киши эса турли жароҳатлар олади. Масалан, 2021 йилнинг ўзида айни вақтга қадар 1 045 513 киши ҳалок бўлган. Дунёда ҳар 23 секундда 1 инсон йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади. Ва бундай кўрсаткичлар ортиб боряпти.

Шу топда бир нарса эътиборни тортади – кам даромадли ва ўртача даромадли мамлакатларда ўлимлар кўп, гарчи автомобил сони кам бўлса-да. Яъни автомобиллар сони ривожланган мамлакатларда кўпроқ бўлишига қарамай, паст ва ўртача даромадли мамлакатларда ўлимлар сони анча кўпроқ. Бу қурбонларнинг ярми пиёдалар, велосипедчилар ва мотоциклчиларга тўғри келади. Пиёда қурбонларнинг кўпчилиги – ёш болалар.

Мазкур мақолани ўқишни бошлаганингиздан буён ЙТҲ сабаб камида бир киши ҳалок бўлди.

Ўзбекистонда

Ўзбекистонда ЖСТнинг йўл хавфсизлиги бўйича асосий стандартларидан айримлари ҳалигача жорий этилмаган. Масалан, шаҳар жойларда автомобиль тезлиги 50 км/соатдан оширмасдан ҳаракатланиш ҳақидаги меъёр киритилмаган. Ҳалигача аҳоли пунктларида максимал тезлик меъёри 70 км/соат.

Йўл муҳандислигида бизда пиёдалар деярли инобатга олинмайди, мувозанат жиддий бузилган. Пойтахтда, етарли бўлмаса-да, тротуарлар бор, вилоят ва қишлоқларда аҳвол қайғули.

Йўл хавфсизлиги билан боғлиқ салбий ҳолат иқтисодий (хавфли мамлакатда яшаш ва бизнес қилишга истак суст бўлади), ижтимоий (йўқотиладиган инсон капитали) соҳаларга таъсир этади ва йиғилиб келиб мамлакатнинг сиёсий имижига путур етказади. Бироқ аввало бу оилаларнинг бошига тушадиган фожиалардир.