Жамият | 12:36 / 03.11.2021
6307
2 дақиқада ўқилади

“Фарзандларим олдига ўз оёғим билан бориш насиб қилсин” – Россияда қолаётган беморга кўмак зарур

Жиззахлик 33 ёшли йигит бундан 5 йил муқаддам юз берган автофалокат туфайли 2-гуруҳ ногиронига айланган. Ўзбекистонда ҳам бир неча маротаба жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирган беморга шифокорлар хорижда ўтказиладиган мураккаб операция зарурлигини айтишган. Ўзида бор ҳамма имкониятларини ишга солган ва яқинларининг ёрдамида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган оила ҳозир мушкул вазиятда қолгани ҳақида таҳририятимизга маълум қилишди.

“Турмуш ўртоғим 2016 йилда бахтсиз ҳодиса сабабли юра олмай қолди. Ўшандан бери умуртқа ва тос соҳасидан 3 маротаба операция қилдирдик, аммо оёққа туриб кета олмади. Оёғида оғриқлар жудаям кучайиб кетди. Шифокорлар хорижда қилинадиган жарроҳлик муолажасини тавсия қилишгани учун Россияга келдик. Бу ерда ўтказилган операция жуда оғир кечди. Чунки оёқ суякларида емирилиш юз берган экан. Бир операциянинг ўзи икки босқичда ўтказилди. Кейинги операциямиз тахминан 1,5 ойдан кейин қилинаркан. Унгача керакли муолажаларни олиб турар эканмиз. 3 ой муддатда босқичма-босқич қилинадиган операциялар сабаб шу ерда ижарада яшаб турибмиз. Лекин даволаниш ва яшаш учун умуман маблағимиз қолмади. Икки фарзандимиз Ўзбекистонда, уйда қолган. Турмуш ўртоғим фарзандларимнинг олдига ўз оёғи билан юриб бориши насиб қилсин. Ҳеч бир инсон тўшакка михланиб қолмасин, хўжайинимнинг кўрмаган куни қолмади шу вақтгача”, дейди беморнинг турмуш ўртоғи Мақсуда.

Шерали Қорақуловга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600060964463682 турмуш ўртоғи Абдураҳимова Мақсуда номида

Сбербанк: 5228600575953338 Шерали Қорақулов номида

Мусофирликда бўлишнинг ўзи осон эмас. Дардманд ва имконсиз вазиятда мусофир юртда қолишни тасаввур қилишнинг ўзигина Шералининг аҳволини кўз олдимизга келтиради. Икки фарзанди учун яшашни, соғайишни хоҳлаётган отага баҳоли қудрат мадад бўлайлик!

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Монтажчи — Азимжон Воҳидов.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид