Ўзбекистон | 15:30 / 04.11.2021
5112
2 дақиқада ўқилади

Тошкент иссиқлик электр марказида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича Туркиянинг Çalik enerji компанияси билан шартнома имзоланди

Электр энергия ишлаб чиқариш соҳасида замонавий, юқорисамарадор ва энерготежамкор технологияларни жорий этиш борасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан халқаро ҳамкорлар иштирокида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Фото: Иссиқлик электр станциялари

Навбатдаги инвестицион лойиҳа “Тошкент ИЭМ” АЖда амалга оширилади. Унга кўра, 2024 йилга қадар марказда ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси бунёд этилади ва лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида Туркиянинг Çalik enerji компанияси иштирок этади.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖда “Тошкент ИЭМ” АЖ ва Çalik enerji компанияси ўртасида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Иссиқлик электр станциялари

- Çalik enerji компанияси Ўзбекистонда энергетика соҳасида олиб борилаётган катта ўзгаришларнинг гувоҳи сифатида биз бу ерда Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларидаги жаҳонда андозаси кам бўлган замонавий буғ-газ қурилмаларининг қурилишида иштирок этдик, – дейди лойиҳа менежери Зоҳид Аричи. – Навбатдаги манзил Тошкент иссиқлик электр маркази, ўйлайманки лойиҳани юқори уюшқоқлик билан ташкил қиламиз ва мамлакат энерготизимини ривожлантиришга ҳисса қўшамиз.

Фото: Иссиқлик электр станциялари

Лойиҳанинг умумий қиймати – 109, 243 млн. АҚШ доллари, шундан:

Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағлари – 81,06 млн. АҚШ доллари;

Корхонанинг ўз маблағлари – 15,46 млн. АҚШ доллари;

Ўзбекистон Республикасининг қўшган улуши – 12,71 млн. АҚШ долларини ташкил қилади.

Фото: Иссиқлик электр станциялари

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 млн. кВт.соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, бунда юқоритежамкор технологиялар эвазига 219 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200,5 тоннага камайтирилади.

Шунингдек, ушбу энергоускуна ўзининг юқорисамарадорлиги билан ажралиб туради, унинг фойдали иш коэффициенти 64 фоизни ташкил этади. 

Фото: Иссиқлик электр станциялари

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид