Ўзбекистон | 08:12 / 05.11.2021
3910
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонда миграциядан олдинги тайёргарлик маркази очади 

2022 йилдан 2025 йилгача Россия учта миграциядан олдинги тайёргарлик марказини жиҳозлаш ва ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Волвач маълум қилди.

Фото: economy.gov.ru

Ушбу марказлар ишчи кучининг асосий донор давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда очилиши режалаштирилган. Бунда, фуқаролар миграция хизматларининг тўлиқ комплексидан фойдаланиши ҳамда «Россияга мамлакатда яшаш ва ишлаш учун тўлиқ ҳужжатлар тўплами билан келиши» мумкин бўлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг «Россия – ўқиш ва ишлаш учун жозибадор мамлакат» стратегик ташаббуси доирасида Россия меҳнат бозорига киришни соддалаштириш чоралари кўрилади, бу эса 2030 йилга келиб қонуний ишлаётган хорижликлар сонини 3,5 миллион кишигача оширади. 

Чоралардан бири Россия ва Евросиё иқтисодий иттифоқининг бошқа мамлакатларида хорижликларни ишга жойлаштириш учун рақамли маконни шакллантиришни назарда тутади. Бунинг учун «ЕОИИда ишлаш» махсус иловаси ишга туширилди. 

Россия «иқтидорли ёшлар, юқори сифатли меҳнат ресурслари ва иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилиш маркази» сифатида кўрилади. Асосий саъй-ҳаракатлар ўз ҳаёти ва карьерасини Россия билан боғлашни режалаштирган ёшларни мамлакатга жалб қилишга қаратилган бўлади, деб тушунтирди иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари.

Шунингдек, Волвач 2024 йилгача чет элдаги рус тили ўқитувчилари сонини тўрт баравар кўпайтириш (150 дан 618 тагача) режалаштирилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу ўқитувчилар рус таълимининг ўзига хос «элчилари»га айланади. 

Натижада, 2030 йилга бориб Россияда таҳсил олаётган чет эллик талабалар сонини ҳар йили 1,5 баробарга (300 мингдан 450 мингга) ошириш кутилмоқда. Уларнинг энг иқтидорлиларига (кўпи билан 5 фоизи) грант ажратилади ва яшаш учун рухсатнома олиш имконияти берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид