Ўзбекистон | 22:13 / 06.11.2021
6995
3 дақиқада ўқилади

“Ўзсувтаъминот” AЖ 40 гектар майдонга дарахт кўчати экиш ва суғориш тизими яратиш учун 5,28 млрд сўм ажратди

“Ўзсувтаъминот” 40 гектар майдонда иссиқхона қуриш, 24 490 та дарахт кўчати ва 3 580 та бута кўчатлари экиш ҳамда уларни томчилатиб суғориш технологияси яратишга 5,28 млрд сўм маблағ йўналтиради. Бу ҳақида жамият ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 24 август куни экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ўзсувтаъминот” AЖ ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 2022 йил 1 майга қадар “Бўзсув” бош сув иншоотининг бўш турган 40 гектар майдонида “яшил ҳудуд” ташкил этиш чораларини кўриш топширилган эди.

Тошкентдаги Ботаника боғи рўпарасида жойлашган мазкур иншоотнинг 40 гектар майдонида иссиқхона қуриш, шунингдек жами 24 490 та дарахт кўчати ва 3 580 та буталар, шу жумладан заранг, каталпа, қора арча, эман, жийда, каштан, сурия атиргули, ҳинд настарини, элдор қарағайи, қайин, тол, шумтол, фарзиция, лола, шамшод экиш режалаштирилган бўлиб, ушбу дарахт ва ўсимликлар томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришланади. Ушбу мақсадларга “Ўзсувтаъминот” AЖ 5,28 млрд. сўм маблағ йўналтиради.

“Бундан ташқари, ҳудудда давлат-хусусий шериклик асосида 1 та кўчатхона ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу ишлар натижасида урбанистик иссиқлик таъсирини камайтиришга, ифлосланган сувни тозалашга, тупроқ эрозиясининг олдини олишга, ҳаво ҳарорати пасайишига эришилади. Қолаверса, 40 гектарлик боғ йилига 1 800 тонна чангдан тозалаш, кунига 1 200 кг кислород ишлаб чиқариши, икки йилда мамлакатни 120 000 мингта дарахт кўчатлари ва буталар билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, йилига қўшимча равишда 10 000 мингта доривор ўсимликлар ва кўкатлар етиштирилади”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Гулистон шаҳрида ҳам 4 мингдан ортиқ дарахт ва буталар экилгани ва парваришлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан 400 млн сўм маблағ ажратилгани маълум қилинган эди.

 2 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда президент томонидан йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш ҳақида топшириқ берилди.

“Шунча йил “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди”, деган эди давлат раҳбари.

Мавзуга оид