Ўзбекистон | 11:01 / 06.11.2021
5522
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Президент лавозимига сайланишимни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги сиёсатимизнинг юксак эътирофи сифатида қабул қиламан»

Сенат янги биносида Ўзбекистон Республикасининг сайланган президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бошланди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тадбир давомида нутқ сўзламоқда.

“Аввало, менга улкан ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси президенти этиб қайта сайлаган барча юртдошларимга, чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этиб, меҳнаткаш, олийжаноб ва бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан. 

Сиз, азизларга, сизлар орқали бутун эл-юртимизга тинчлик ва саломатлик, оилавий бахт-саодат ва фаровонлик тилайман. Жонажон Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман. Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига сайланишимни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб бораётган сиёсатимизнинг юксак эътирофи сифатида қабул қиламан.

Бўлиб ўтган сайловларда кўп миллатли халқимиз фаол иштирок этиб, ўзининг эркин хоҳиш-иродасини, юксак ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини яққол намоён этди. Халқимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган ривожланиш йўлимиз нақадар тўғрилигини, сайлов натижалари яна бир бор тасдиқлади. Бу эса, барчамизга янги куч, баланд руҳ ва ишонч бағишлайди.

Сайловнинг эркин ва демократик, очиқ ва ошкора, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида ўтганини, халқаро ва хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этдилар. Президент сайловида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли миссиялари, бутун сайлов жараёнларини бевосита кузатиб борди. 

Айниқса, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда Парламент Ассамблеяси қаторида, биринчи марта Европа парламентидан ҳам кузатувчилар иштирок этди. 

Умуман, сайловда 18 та халқаро ташкилот ва 45 та хорижий давлатнинг мингга яқин вакиллари халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Шу билан бирга, 1 минг 700 га яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини бевосита ёритиб борди. Уларнинг барчаси, сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, юқори савияда ўтганини, алоҳида қайд этдилар”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид