Жаҳон | 14:18 / 07.11.2021
4762
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск ўз акцияларини сотиш бўйича сўровнома ўтказишга қарор қилди

Дунёнинг амалдаги энг бадавлат одами Илон Маск Tesla компаниясидаги 10 фоиз акциясини сотиши кераклиги ёки йўқлиги бўйича Twitter’да фойдаланувчилар ўртасида сўровнома ўтказишга қарор қилди. У сўровнома натижаларига кўра, ўз акцияларини сотишга тайёрлигини билдирди.

Фото: AP

“Охирги вақтда реализация қилинмаган фойда солиқлардан қочиш йўли экани ҳақида кўп гапирилмоқда. Шу сабабли Tesla’нинг ўзимга тегишли 10 фоиз акциясини сотишни таклиф қилмоқчиман. Сиз буни қўллаб-қувватлайсизми?” деб ёзган Маск.

Миллиардер сўровнома натижаларига кўра қарор қабул қилишини айтган. У ўз компанияларидан маош ёки пул кўринишидаги бонуслар олмаслигини, шу сабабли солиқ тўлашининг ягона йўли акцияларини сотиш ҳисобланишини айтган.

Айни вақтда сўровномада 1,6 млндан кўпроқ одам иштирок этган. Улардан 53,7 фоизи Маск ўз акцияларини сотиши кераклигини, 46,3 фоизи эса бунга қарши эканликларини билдиришган. Таъкидланишича, сўровнома бир кунга яқин давом этади.

Илон Маск айни вақтда дунёнинг энг бой одамлари рейтингида етакчилик қилмоқда. Ҳозирда унинг бойлиги Forbes ва Bloomberg нашрларига кўра, мос равишда 318 ва 338 млрд долларга баҳоланмоқда. Октябр охирида тадбиркор “миллиардерларга солиқ солиш” ташаббусига қарши чиққан. Унинг фикрича, бу АҚШ давлат қарзи муаммосини ҳал қилишда ёрдам бермайди.

Аввалроқ Маск БМТнинг жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ижрочи директори Дэвид Бислининг 6 млрд доллар дунёдаги очлик муаммосини ҳал қила олиши ҳақидаги сўзларига жавобан, дастур вакиллари буни қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтириб бера олишса, Tesla’нинг шу қийматдаги акцияларини сотиб, уни хайрия қилишга тайёрлигини билдирганди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Маскка Tesla’нинг 21 фоиз акцияси тегишли ҳисобланади.

Мавзуга оид