23:28 / 07.11.2021
5690

Саакашвили норозилик сифатида дорилар қабул қилишдан бош тортди

Фото: РИА Новости

Рустави шаҳридаги турмада бир ойдан кўпроқ вақтдан бери очликни давом эттираётган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили дорилар қабул қилишдан ҳам бош тортди. Бу ҳақда унинг шахсий шифокори Николоз Кипшидзе маълум қилди.

Таъкидланишича, Саакашвили турмадаги шифокор хонасида овқатланаётгани акс этган видео тарқатилганига норозилик сифатида шундай қарорга келган.

“Михаил Саакашвили дорилар қабул қилиш, тестлардан ўтиш ва қон қуйдиришдан воз кечди. У бу муассасада унга бирор-бир муолажа кўрсатилишини бошқа истамаяпти”, деб маълум қилган журналистларга Кипшидзе.

Аввалроқ Грузиянинг махсус пенитенциар хизмати Саакашвили тановул қилаётгани видеосини тарқатган.

“Жамоатчилик орасида катта қизиқиш борлиги сабабли Михаил Саакашвили овқат қабул қилаётганидан баъзи фактларни эълон қилмоқдамиз. Видеода у куннинг турли вақтида овқат ва табиий шарбатлар олаётганини кўриш мумкин. Биз, шунингдек, Саакашвили олган озиқ-овқат маҳсулотлари суратини ҳам эълон қиламиз”, деб маълум қилинган хизматда.

Шунингдек, Грузия адлия вазири Рати Брегадзе сиёсатчининг соғлиғи барқарор эканлигини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Саакашвили бўтқалар емоқда ва шарбатлар ичмоқда, унинг барча ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида.

Саакашвили 1 октябрда Грузияда ҳибсга олингач, бунга қарши норозилик сифатида очлик эълон қилганди.

Top