Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Д.У. фош этилди.

Маълум қилинишича, фуқаро Д.У. Шайхонтоҳур туманидаги Учлола кўчасида жойлашган хонадонда Nervismart номли кучли таъсир қилувчи дори воситасининг 12 600 донасини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган. Мазкур дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Департаментнинг Учтепа тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.А. Учтепа тумани Бешқайрағоч кўчасидаги хонадонда 65 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани маълум бўлган. Ушбу воситалар ҳам ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 251-1-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.